Сайёралар тўқнашиб кетиши мумкинми?

Бошни бундоқ кўтариб, осмонда ғужғон ўйнаган сайёралар ва юлдузларга боқар экансиз, шундай бир савол туғилиши мумкин: бир куни келиб улар тўқнашиб кетмасмикин? Бахтимизга, бунинг эҳтимоли жуда кам.

Биз осмонга боққанимизда, қайси сайёра ёки юлдуз бошқасига нисбатан Ердан олисроқ эканини аниқлай олмаймиз. Буни яхшироқ англаб олиш учун Қуёш системасига мурожаат қилайлик. Сайёралар ҳеч қачон Қуёшнинг тортиш зонасидан чиқиб кета олмайди. Улар доимо унчалик тўғри бўлмаган айлана шаклидаги орбитаси бўйлаб ҳаракат қилади. Сайёраларнинг ҳаракат тезлиги улар билан Қуёш ўртасидаги масофага боғлиқ. Ўз бошингизни Қуёш деб фараз қилинг ва у Қуёш системасида Қуёшнинг ўрнида жойлашган, дейлик. У ҳолда бошингиз турли диаметрдаги бир неча айлана марказида бўлади. Бу айланалар сайёраларнинг Қуёш атрофида айланадиган орбитасидир.

Агар бошингиз марказда жойлашган бўлса, Меркурий сиздан 6 метр нарида бўлади! Унинг бошингизга нисбатан ўлчами ушбу гап охиридаги нуқтага тенгдир. (Бошингизнинг ўлчами Қуёш ўлчамига тенг эканини унутманг.) Венера — Чўлпон 11,9 метр наридаги орбита бўйлаб ҳаракатланади, унинг ўлчами «о» ҳарфига тенг.

Учинчи айланада бизнинг сайёрамиз Ер жойлашган. У Венерадан бир оз каттароқ. Бошингиз билан унинг ўртасидаги масофа — 16 метр (аслида эса бу масофа, тахминан, 150 000 000 км.ни ташкил этади).

Тўртинчи айланада Ердан бир оз кичикроқ Марс — Миррих жойлашган. Унинг бошингиздан узоқлиги — 25 метр. Навбатдаги сайёра — Юпитер — Муштарийдир. У — сайёралар ичида энг йириги. Бошингиз (Қуёш) билан таққослаганда, у шиша шарча катталигидадир, ўртадаги масофа футбол майдони бўйича келади. Олтинчи айланадаги сайёра Сатурн — Зуҳалдир. Унинг диаметри — 12 мм, Юпитерга нисбатан икки марта олисда жойлашган.

Диаметри 5 мм Уран Сатурндан ҳам икки марта узоқдадир. Урандан бир оз кичик бўлган Нептун Уран билан Қуёш ўртасидаги масофанинг ярмида жойлашган. Ердан икки марта кичик бўлган Плутон эса Юпитердан 8 марта узоқда жойлашган. Уларнинг барчаси атрофингиздаги орбиталари бўйлаб ҳеч бир ўзгаришсиз ҳаракат қилаётганини эсга олсангиз, ўзаро тўқнашиб кетиши эҳтимоли жуда кам эканини англаб етасиз.