Реактив оқимлар нима?

Бугунги кунда «реактив» сўзи тез-тез қулоғимизга чалиниб туради. «Реактив оқим» тушунчаси реактив самолётлар билан боғлиқ эмасмикин, деб ўйлаб қоласан киши. Аслида бундай эмас.

Реактив оқимлар Ер атрофидаги шамоллар тизимининг бир бўлагидир. Келинг, гапни «шамол» тушунчаси нимани англатишидан бошлай қолайлик. Шамол Ер юзасига параллел равишда ва ундан унчалик узоқ бўлмаган масофада ҳаракат қиладиган ҳаво оқимидир.

Шамолнинг кўчиб юриши, асосан, ҳаводаги босимларнинг турличалиги билан боғлиқдир, шунинг учун шамол юқори босимли минтақадан паст босимли минтақага томон эсади.

Ялпи (маҳаллий эмас!) миқёсда олганда, совуқ ҳаво қутбдан экваторга, иссиқ ҳаво эса экватордан қутбларга қараб ҳаракатланади. Улар бир текис ҳаракатланмайди, аксинча, ҳавонинг аралаш-қуралаш оқимидан иборат бўлади. Об-ҳавога ҳар минтақада ҳар хил шароитлар таъсир этади. Босимнинг оз-кўплигига маҳаллий иссиқлик манбаси ҳам таъсир этмай қолмайди. Маълум бир минтақадаги шамол йўналишига қуруқликнинг, сув сатҳининг ва тоғларнинг жойлашуви ҳам таъсир ўтказади.

Айрим минтақаларда доимий юқори босимга эга бўлган жойлар бор. Бундай жойлар «антициклонлар» деб аталади ва улар ўша минтақадаги шамолларнинг йўналишини белгилаб беради.

Шундай қилиб, энди сиз шамол қандай туришини ва унга нималар таъсир кўрсатишини бемалол тасаввур қила оласиз. Лекин бу гапларнинг барчаси атмосферанинг қуйи қатламларидаги шамолларга тегишли. Атмосферанинг юқори қатламларида эса шамол пайдо бўлиши учун бошқа шароит зарур. Бу шамоллар Ер юзасидаги шамолларга нисбатан катта тезлик билан ҳаракат қилади. 9 км баландликда шамолнинг тезлиги «реактив оқим» деб аталадиган даражага етади. Бундай оқимнинг тезлиги соатига 200-400 км.ни ташкил қилади.