Бирор марта Қуёшнинг тутилгандаги суратини кўрганмисиз? Суратда Қуёшнинг қора гардиши атрофида нотекис олов тилларига ўхшаш нарса кўзга ташланади ва у тож деб аталади.
Қуёш ҳам юлдуздир. Бошқача айтганда, у ўзидан нур таратади. Албатта, бунинг учун катта миқдордаги энергия — қувват талаб қилинади. Қуёш бу қувватни қаердан олади? Олимларнинг фикрича, Қуёшнинг марказий, энг иссиқ қисмида жойлашган водород атомлари ўша қувват манбаидир. Улар ўша қисмда бирлашиб, термоядро реакцияси натижасида гелий атомларига айланади. Оқибатда катта миқдордаги энергия ажралиб чиқади ва у Қуёш юзасига чиқиб, ёруғлик бўлиб, фазога тарқалади. Қуёш, то водород захиралари тугамагунча, сизу бизнинг бошимиз узра порлаб тураверади.
Бизнинг тасаввуримизда Қуёш нури ҳамиша бирдай ёрқиндай туюлади. Аслида шундаймикин? Бу саволга жавоб шуки, Қуёш тузилиши ўзига хос хусусиятга эга.
Аввало, у Ер сингари қаттиқ жисм эмаслигини унутмаслик керак. У ўз ўқи атрофида айланса-да, унинг турли қисмлари турлича тезлик билан ҳаракат қилади. Унинг экваторидаги нуқта ўқ атрофида 29 кеча-кундузда бир марта айланиб чиқса, қутбдаги нуқтага бунинг учун 34 кеча-кундуз керак бўлади.
Қуёшнинг тож деб аталадиган ташқи қатлами енгил ва сийрак газлардан иборат. Унинг ташқи қисми оқ тусда бўлиб, шуълалари таралиб туради. Бу шуълалар миллионлаб километрларга чўзилган бўлиб, Қуёш ёрқинлигига, оз бўлса-да, сезиларли таъсир кўрсатади.
Тож остида Қуёш атмосферасининг бошқа бир қатлами — хромосфера мавжуд. Унинг қалинлиги 15 000 километрдир. Бу қатлам, асосан, водород ва гелийдан иборат. Унда вақти-вақти билан протуберанслар — тўсатдан совиб кетган улкан модда оқими пайдо бўлади ва Қуёш тожига ёриб чиқади. Протуберанслар, одатда, баландлиги 1 500 000 километрлик арк кўринишига эга бўлади. Улар ҳам Қуёшнинг нечоғли ёрқин нур сочишига таъсир кўрсатади.
Қуёшни ўраб турган қатламларнинг тавсифи, асосан, шудир. Уларнинг остида нима борлиги ҳозиргача жумбоқ бўлиб қолмоқда.