Қуёш системаси нима?

Ҳойнаҳой, «учар ликобчалар» ва ўзга дунёлардан келган ғайриоддий мавжудотлар тўғрисида эшитган бўлсангиз керак. Уларнинг ҳақиқатан ҳам мавжудлиги даргумон, бироқ бундай ҳодисалар рўй бериши эҳтимолдан узоқ эмас. Гап шундаки, Қуёш системаси унга ўхшаш миллионлаб системалар бўлиши эҳтимолдан холи бўлмаган Коинотнинг увоққина бир заррасидир.

Қуёш системаси ўз ичига Қуёш ва унинг тортиш кучи натижасида атрофида айланадиган барча жисмларни қамраб олади. Бизнинг Қуёш системамиз таркибига унинг тортиш кучи таъсирида булган сайёралар, йўлдошлар, астероидлар ва кометалар киради. Ер тўққиз сайёранинг биридир.

Сайёралар ўлчами ва бошқа кўрсаткичлари буйича бир-биридан фарқ қилади ва Қуёшдан турли хил узоқликда жойлашгандир. Меркурий Қуёшга энг яқин ва энг кичик сайёрадир. У кеча-кундуз давомида Қуёш атрофида бир марта айланиб чиқади. Ундан кейинги сайёра Венера — Чўлпон бўлиб, Қуёшдан 108 млн км узоқликда жойлашган ва унинг атрофида 225 кеча-кундузда бир марта айланиб чиқади. Учинчи сайёра Ер эса Қуёшдан 150 млн. км. узоқликда жойлашган. Кейинги сайёра Марс — Миррих билан Қуёш ўртасидаги масофа — 228 млн. км. Унинг Қуёш атрофида бир марта айланиб чиқиш вақти 687 кундир.

Сўнгра Қуёш системасидаги энг катта сайёра — Юпитер — Муштарий келади, унинг тўлиқ айланиб чиқиш вақти — 12 йил, Сатурн — Зуҳалники эса — 29,5 йил. Сўнгги уч сайёра — Уран, Нептун ва Плутон Қуёшдан шу даражада олисдаки, уларни оддий кўз билан кўриб бўлмайди.