Қушлар нима учун сайрайди?

Қушларнинг товуш чиқариш аъзолари бизникидан сал ажралиб туради. Одамнинг товушлоғич пайчалари нафас чиқарадиган бўғзи устидаги ҳиқилдоқда жойлашган. Қушларнинг оддий мембраналари нафас олиш найчасининг қуйи қисмида жойлашган бўлиб, қуйи бўғиз деб аталади. Бу мембрана пирпираб туради.

Айнан қуйи бўғизнинг шакли, мембраналарни ҳаракатга келтирадиган мушаклар сонининг ҳар хиллиги қушларнинг турлича сайрашига сабаб бўлган.

Қушлар сайрашдан ташқари бошқа товушлар ҳам чиқаради. Улар бир-бирини тушунадиган қичқириқлар, сигналлар, безовталик товушлари беради.

Агар уяси ёнида илон пайдо бўлиб қолса, қуш безовталик сигналини беради. Мана шу сигналга қараб, қушлар галаси кўмак бергани учиб келади. Қушлар йил бўйи турли сигнал ва товушлардан фойдаланади, кўпайиш пайти эса сайрайди.

Қушлар сайроғи жарангдорлиги, оҳанги ва сифати билан ажралиб туради. «Росмана» куйлаш борасидаги биринчиликни қораялоқ ҳеч қайсисига бермайди.

Қушлар сайроғи ёрдамида яқинлашаётган душманларини бу ернинг хўжайини ўзлари эканидан огоҳлантириб қўяди.

Агар хўжайинларини қувиб ҳайдамаса, бошқа биронта қуш уларнинг жойига эгалик қилолмайди. Босқинчини қўрқитиш учун сайроқ кучаяди, бу ҳам фойда бермаса, ҳужумга ўтади.

Айниқса, на одам, на ҳайвон яқинлаша оладиган уялар атрофи диққат билан қўриқланади.

Ўз уясини ёки паррандаларини қўриқлаётган қуш ўзидан бир неча ҳисса катта бўлган ҳайвонларга, ҳатто одамларга ҳам ҳужум қилиши мумкин. Уясидан ташқари, ўзлари овқатини топиб ейдиган улкан ҳудудни ҳам ҳимоя қилади.

Аммо қушлар бошқа маъноларда ҳам сайрайди. Ўзига уя топган нар қуш ўзига хос сайроғи билан макиёнини чорлайди. Сайроқ ва ёрқин патлар уйғунлашиб, жуфтининг диққатини тортади. Табиийки, нарлар чиройли макиён топиш учун жон-жаҳди билан тиришади.

Бошқа қушлар ҳам тумшуғини очиб, сайрашга тушиб кетганида бу сайроқ муҳим аҳамият касб этади. Улар ҳам макиёнини ўзига чорлашга ҳаракат қиладилар.

Хониш қанчалик яхши, патлар қанчалик ёрқин, куй қанчалик диққатни тортса, қушнинг ғалаба қозонишига шунчалик имкони бўлади.

Нар чиройли макиён топиш учун курашади, чунки у рақобат шароитида яшай олиши мумкин бўлган яхши насл қолдиришига ишонч ҳосил қилиши керак. Табиий сараланиш қонунияти ана шундай шафқатсиздир.