Қайси ҳашарот энг мечкай?

Бу саволга жавоб бериш осон эмас, сабаби, бу ҳақда ҳеч ким ўйлаб кўрмаган. Одатда йирик жониворлар: бўрилар, шерлар, йўлбарслар кўп овқат ейди, деб ўйлашади. Энг мечкай ҳайвон ниначидир. Ўсимликлар устида таралла-бедод қилиб юрувчи зоҳиран бу чиройли мавжудотнинг бирор пайт овқатланаётганини кўрмайсиз.

Ниначиларнинг нуқул ялло қилиб юриши Криловнинг масалида ҳам иншо этилган. Эсладингизми? «Ниначи шўх куйлаб чалди соз, Сайрларда ўтди гўзал ёз. Томошадан бўшай демади, Қиш ғамини сира емади…» Чумолига ўхшаб қишни ўйлаш қаерда дейсиз, ниначи уни ҳам еб қўяди, еганини эса билмайди. Гап бу ерда ниначиларнинг бир тури — ниначи-сўзанак ҳақида бормоқда. У бир соатнинг ичида йигирматача чивинни паққос туширади. Ниначи-сўзанак чивин тутиш мақсадида кун бўйи учиб юради, тутганини еб, яна ўлжа қидиради. Бир соат ичида у тахминан юз чақирим йўл босади, бунинг учун чиройли ёрқин қанотларини 1600 марта қоқса кифоя.

Ниначи-сўзанак кимларгадир ҳакалакчи бўлиб туюлиши мумкин, чунки у ҳеч қачон тўғри учмайди. У ғиз этиб юқорига кўтарилади ёки пастга тушади, шу он кескин бурилади, алқисса, чивин ундан қочиб қутулолмайди. Ниначи-сўзанакнинг кўзлари ўткир. Унинг кўзи жуда ғайриоддий тузилган. Унинг бошқа ҳашаротларникидай иккита, аммо ҳар бир кўзи 30 мингта алоҳида кўз-фасет (ҳашаротларнинг содда кўздан иборат кўриш аъзолари)дан иборат. Шу боис у бирваракайига олдидаги, ортидаги, ёни ва орқасидаги нарсаларни кўра олади. Устига устак унинг кўз-фасетлари ҳар хил равишда кўради. Бири олисда турган нарсани, бошқаси яқинда турган нарсани, учинчиси эса, баъзи ҳайвонларга хос бўлмаган рангларни ажратади.