Сибирь тайгаларида яшайдиган бу қушнинг ўлчами ва ранги, думи ва тумшуғининг қандайлиги, уясини қандай қуриши ҳақида бошқа қушларга нисбатан кўп гапириш мумкин. Унинг ажралиб турадиган хусусияти қишга қай тариқа озиқ ғамлашидир.
Кедр дарахтлари ёнғоғи етилиши билан бу қушларнинг иши бошидан ошиб кетади. У қор ёққунга қадар эртадан кечгача тиним билмай озиқ жамғаради. Тўплаган озуқаси қиш бўйи ўзига, баҳорда эса полапонларига ем бўлади.
Меҳнаткаш қарағай қарға 70 минг атрофида ёнғоқ тўплайди. Уларни тўплаган билан иш битмайди, уларни яшириш ҳам керак, акс ҳолда ҳамма меҳнати бир пул бўлади. Табиийки, яроқли чуқурча ёки дарахт каваги топиш мумкин, аммо бу ишончли эмас. Қишда тайгада кедр ёнғоғи бебаҳо бойлик ҳисобланади. Миттигина қушдан тортиб, айиққа довур текин озуқадан баҳраманд бўлишга иштиёқмандлар кўплаб топилади.
Катта хазинани бекитиш ҳам жўн иш эмас. Шунинг учун ҳам қарағай қарға ёнғоқларни 10 — 20 тадан қилиб, ерга ёки мох орасига, кўчиб тушган пўстлар орасига кўмади, синиб тушган шох-шаббалар ва чириган тўнкалар тагига тиқиб бекитади. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ҳаммаси бўлиб бундай хазиналар 6 минггача етади. Табиийки, мана шундай қилсагина ишончли бўлади, ахир уларнинг ҳаммасини топиб ўғирлаб кетишолмайди, аммо ерни қалин қор қоплаб ётганда, уларни қандай топиш мумкин? 6 минг хазинанинг ҳар бирини ёдда сақлаб бўладими? Ақлга сиғмайдиган бу ишни қарағай қарға уддалай олади ва ҳар бирини беш-олти ой эсидан чиқармайди. Маълум бўлишича, қарағай қарға инсонникидан бир неча баравар ошиқ ноёб кўриш қобилиятига эга экан. Бу олимлар томонидан ўтказилган тажрибалар орқали аниқлашга муваффақ бўлинди. Уларнинг бири мана шундай: тайгада ўрнатилган каттакон қафас — вольерга ёнғоқ озуқаси жамғарилди, қарағай қарғалар навбатма-навбат қўйиб юборилди ва қушлар дарҳол хазина тайёрлашга киришиб кетдилар, тажриба ўтказувчилар уларнинг жойлашишини диққат билан кузатиб бордилар. Кейин қушларни бир мунча вақт бошқа жойга кўчирдилар, вольерга қамаб қўйганларида, озуқа тамом бўлган эди. Қарағай қарғалар очликдан ўлиб қолмаслик учун ўз озуқа хазиналарини излашга тушдилар. Улар бу ишни қойилмақом бажардилар ва хазиналарининг 90 фоизини топишга эришдилар.