Қалдирғочлар об-ҳавони қандай қилиб олдиндан айтиб беради?

Қалдирғочлар хатти-ҳаракатини узоқроқ кузатиб турсангиз, улар фақат ҳаётдан қувонишни биладигандай туюлади. Улар кун бўйи шодонлик билан ҳавони тилиб, қуёш саробида бир-бирининг ортидан қувиб, эртадан кечгача учгани учган.

Қалдирғочлар масрур ва қуёшдан завқ олаётгандай туюлади. Тўғри, қалдирғочлар ҳақиқатан ҳам қуёшдан қувонади, чунки қуёшли кунларда осмонда жуда кўп ҳашаротлар учиб юради ва уларни қалдирғочлар чарчоқ нелигини билмай тутади. Улар ҳашаротлар билан озиқланади.

Қалдирғочлар жарқалдирғочлар каби ҳашаротларни фақат осмонда тутади. Ерда қалдирғоч бесўнақай юради, бунга узун ўткир қанотлари халақит беради.

Айтишларича, қалдирғочлар об-ҳавони ҳам олдиндан айтиб бера олар экан. Агар улар жуда баланд учса, об-ҳаво қуёшли, қуруқ келади, агар пастлаб учса, кун ёмғирли бўлади. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлади. Аммо бунинг қалдирғочларга дахли йўқ. Улар бошқа сабабга кўра жуда баланд ва жуда паст учади. Иссиқ қуёшли кунларда иссиқ оқим ҳашаротларни жуда баландга кўтаради ва шу сабабдан қалдирғочлар улар изига тушиб жуда баланд учади. Об-ҳаво бузилиши арафасида ҳавода намлик ошади, ҳашаротлар қанотчалари бўка бошлайди, натижада юқори кўтарила олмайди, қалдирғочлар ҳам пастлаб учишга мажбур бўлади.

Майда ҳашаротлар кўзга кўринмайди, қалдирғочлар эса булутсиз осмонда шодон ва пирпирак отиб учади ёки ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ пастлаб, ерга тегай-тегай деб учади, одамлар мана шунга қараб, эртага об-ҳаво қандай бўлишини фаҳм этадилар.