Омела нима?

Исо пайғамбарнинг таваллуди нишонланадиган кунлар Европа ва АҚШдаги миллионлаб уйларга омела осиб қўйилади. Мавжуд урф-одатга кўра, омеланинг остида турган қизни эркак киши ўпиши ҳам мумкин.

Қизиғи шундаки, омеладан байрам ва тантанали маросимларда фойдаланиш тарихи қадим замонларга бориб тақалади. Римликлар Британия ва Галлия (ҳозирги Франция)ни босиб олишганида кельт халқига дуч келишган. Кельтлар друидлар деб аталмиш коҳинлар раҳнамолигида уюшган халқ бўлган.

Друидлар, инсон жони ҳеч қачон ўлмайди, деб таълим беришган. Кўпгина маросимлар дарахтларни илоҳийлаштириш билан боғлиқ бўлган. Уларнинг фикрича, дарахтда ўсадиган ҳар бир нарса фалакнинг инъомидир. Бундай «инъомлар» ичида энг муқаддаси омела бўлган. Друидлар омелани олтин пичоқ билан кесиб олишиб, ёвуз руҳлардан ҳимояланиш учун уйларнинг эшиги тепасига осиб қўйишган. Улар, фақат бахт омеланинг остидан ўтиб уйга киради, деб ўйлашган. Омела остида ўпишиш анъанаси тарихи шу билан боғлиқ.

Скандинавлар ҳам омелани омад рамзи деб билишган. Улар қишки байрамлар чоғи омелани йиғишган ва ҳар бир оила уйга кираверишга илиб қўйиш учун биттадан шохча олган. Бу оилани бало-қазолардан ҳимоя қилади, деб ҳисобланган.

Омеланинг машҳурлиги сабабларидан бири ерда илдизи йўқлигидир. У бошқа дарахтларнинг шохида ўсади. Унаётган омеланинг уруғида нишчалар пайдо бўлади. Бу нишчалар уруғ тушган шохнинг пўстлоғини тешиб ўтади. Шу тариқа у дарахтнинг ичига кириб олади ва гуркираб ўсиб кетади. Шундай қилиб, у дарахтда мавжуд намлик ва озуқа моддаларини сўра бошлайди.

Бу моддалар ва намлик билан озиқланаётган ёш омела сўнгра бошқа ўсимликлар сингари униб-ўсади. Шундай қилиб, омела ва тупроқ ўртасида бевосита алоқанинг ўзи йўқ, қолаверса, у бунга муҳтож ҳам эмас. Омела гуркираб кетиши натижасида ўзи сўраётган дарахтни қуритиб ҳам қўяди.

Омела Европа ва АҚШдаги эман ва бошқа дарахтларда ўсади. Унинг мевасини қушлар яхши куради. Улар мевани чўқиган вақтида елимшак уруғлар тумшуғига ёпишиб қолади. Қушлар уруғлардан халос бўлиш учун тумшуғини бошқа дарахтларга ишқайди ва шундай қилиб, уруғларни тарқатади.