Океанлар қандай пайдо бўлган?

Ер тарихида ҳалигача ечилмаган жумбоқлар кўп. Шулардан бири океанларнинг пайдо бўлишидир.

Тўғриси, биз улар қачон пайдо бўлганини билмаймиз. Аммо Ер энди пайдо бўлган кезлар улар бўлмагани аниқ. Балки улар дастлаб Ер атрофида айланаётган улкан буғ булутлари кўринишида мавжуд бўлгандир. Кейинчалик эса Ер юзасининг совий бошлаши билан сувга айлана боргандир. Олимларнинг океанлардаги минерал тузлар миқдорига оид маълумотлар асосидаги ҳисоб-китобларига қараганда, улар бундан 500 000 000 — 1 000 000 000 йил муқаддам ҳосил бўлган.

Айрим замонавий назарияларнинг шаҳодат беришича, бир замонлар бутун Ер юзи денгиздан иборат бўлган. Ернинг айрим минтақаларини кўп марта сув босган. Бироқ океан тубидаги бундай ерлар қуруқлик бўлган-бўлмагани номаълум.

Баъзи қуруқлик ерлар у ёки бу даврда унчалик теран бўлмаган сувликлар билан қоплангани исботланган. Қуруқликдан топилган оҳактош, қум ва лойли сланецлар (тоғ жинси)нинг аксарияти чўкинди жинслар, яъни денгиз тубида миллионлаб йиллар давомида ҳосил бўлган минерал тузлар чўкиндисидир. Оддий бўр ҳам бир замонлар денгизда яшаган майда жониворлар чиғаноғининг прессланган тўпламидир.

Бугунги кунда океанлар Ер юзининг тўртдан уч қисмини эгаллаган. Гарчи инсон қадами океан тубининг ҳамма ерига етмаган бўлса ҳам, биз унинг кўриниши қандай эканини, тахминан, биламиз. У материклар юзаси каби ранго-ранг бўлмаса-да, тоғ тизмалари, текисликлар ва чуқур ботиқликлардан ташкил топган.