Нима учун иглунинг ичкариси эримайди?

Эскимослар ҳам тош ва ёғочдан уй қуришни ўрганиб олган бўлса-да, бу шимол халқи то шу кунгача айрим ҳолларда ёки кўчиш вақтида қордан уй — иглу ясашини канда қилмайди. Иглуни тезда қуриб битказиш мумкин ва ҳар қандай об-ҳаво шароитида унда яшаш қулай.

Иглу созлаш учун дастлаб қор уюмида узунлиги 1,5 метр, чуқурлиги эса 50 сантиметр чоҳ қазилади. Сўнгра чоҳнинг олдинги деворидан бошлаб пичоқ билан қор бўлаклари кесиб олинади. Улар ичкарига қараб қиялаб борадиган йўсинда бир-бирига устма-уст қўйилади.

Қор бўлаклари дастлаб айлана шаклида қўйиб чиқилади, айлананинг усти шундай тарошланадики, иглу қурилиши жараёнида айлана девор устига бўлаклар тобора торайиб борадиган бурама тарзида қўйиб чиқилади. Ишлар юришиб кетгач, бундай бўлаклар уйнинг ички қисмидан ҳам кесиб олинади. Юқориги четлари қуйилариникидан энлироқ бўлган сўнгги бўлак уй тепасидаги туйнукни ёпади. Сўнгра барча дарз кетган жойларга юмшоқ қор ёпиштирилади. Чоғроқ иглуни қуришга кўпи билан икки соат вақт кетади.

Иглу битгач, навбат уй бекасига келади. Бека денгиз мушуги ёғидан тайёрланган чироқни ёқади. Чироқ имкон қадар кучлироқ ёниши керак. Сўнгра у эшик ўрнини бошқа бир қор бўлаги билан ҳаво кирмайдиган қилиб ёпиб ташлайди. Қор эрий бошлайди. Уйнинг томи юқорига кўтарилган сари торайиб борувчи айлана шаклида бўлгани учун ҳам эриётган қор ерга томмайди. Томчиларни девор шимади. Девор ясалган қор бўлаклари сувни яхшилаб шимиб олгач, бека эшикни очиб, чироқни ўчиради. Ичкарига муздай ҳаво ёпирилиб киради ва мўрт қор уй мустаҳкам муз гумбазига айланади. У, томига ҳатто оҳ айиқ чиққан тақдирда ҳам йиқилмайдиган даражада қотиб қолади ва эримайди. Энди иглуда бемалол яшаса бўлади.

Аммо қиш тугаб, температура кўтарилгач, иглу ҳам эрий бошлайди, дастлаб унинг томи қулаб тушади.

Ўхшаш мақолалар: