Нима учун дўл доналари турли ўлчамга эга?

Момақалдироқ тез-тез содир бўлиб турадиган айрим жойларда ҳар саккиз юз момақалдироқдан бири билан қўшилиб, ўлчами ёнғоқдай келадиган, ҳар беш минг момақалдироқдан бири билан қўшилиб эса теннис коптогидай келадиган дўл ёғади. Сиз ўзингиз ҳам дўл бундан-да бошқа ўлчамга эга эканини ҳам кўргансиз, албатта.

Дўл, одатда, ҳаво илиқ бўлганда ёғади ва у момақалдироқ, яшин ва ёмғир билан бирга келади. Дўл, ёмғир томчилари ерга тушаётиб, совуқ ҳаво қатламидан ўтаётиб, музлаб қолиши натижасида ҳосил бўлади.

Алоҳида ёмғир томчиларидан кичик дўлчалар ҳосил бўлади. Катта дўл ҳам шундай пайдо бўлади, аммо майда дўлчалар пастга тушаётганда, юқорига кўтарилаётган кучли ҳаво оқимига дуч келади ва бу оқим уларни ёмғир томчилари ҳосил бўладиган баландликка олиб чиқиб кетади. Ўша баландликда дўлчага янги томчилар ёпишади ва у совуқ ҳаво қатламидан ўтаётганда, сиртидаги сув музлаб қолади. Шундай қилиб, дўлнинг ўлчамлари катталашади. Дўлчанинг кўтарилиб тушиши бир неча марта такрорланиши мумкин. Ҳар сафар унинг ҳажми катталашиб боради ва у пастдан юқорига кўтарилаётган ҳаво оқими кучини енгиб ўтиб, ерга тушади. Шу тариқа диаметри 8—10 сантиметрли ва оғирлиги 0,5 кг бўлган дўл ҳосил бўлади.

Дўл доналари қор ҳосил бўладиган зоналарга кириб қолганида, уларга қор ҳам ёпишиб, музлаб қолади. Шунинг учун ҳам, одатда, дўл қор ва муз қатламларидан иборат бўлади.

Дўл ҳар йили катта зарар келтиради. У сули, буғдой, пахта ва тамаки сингари экинларни ер билан яксон қилади, шунингдек, дарахтларнинг япроқларини уриб тушириши, деразаларнинг ойналарини синдириши ва ҳатто, парранда ва уй ҳайвонларини ярадор қилиши мумкин.