Нега бугунги кунда ҳам музликлар бор?

Шимолий Америкада муз даврини бошлаб берган улкан муз массаси «континентал музлик» деб аталади. Унинг марказидаги қалинлик 4,5 км. га етган. У бутун муз даври давомида тўрт марта пайдо бўлиб, шунча марта эриган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас..

Дунёнинг бошқа жойларини қоплаган музликнинг айрим жойлари, умуман, эримаган. Масалан, улкан Гренландия ороли, очиқ тор соҳил бўйларини ҳисобга олмаганда, ҳануз континентал музлик билан қопланиб ётибди. Музликнинг ўрта қисмидаги қалинлик уч километрдан ошади. Антарктида ҳам континентал музлик билан қопланган. Музнинг қалинлиги айрим жойларда 4 км.гача етади.

Ер шарининг айрим минтақаларида музлик туриб қолганига сабаб, унинг музлик давридан то шу кунга қадар эримаганидир. Аммо ҳозирги музликларнинг асосий қисми яқинда ташкил бўлган. Улар, асосан, тоғ водийларида жойлашган.

Улар амфитеатрларни эслатувчи кенг, нишаб водийлардан бошланади. Қор бу ерларга тоғ ёнбағирларидан кўчки ва ўпирилиш натижасида тушади. Бу қор ёзда ҳам эримайди, шу тариқа йиллар бўйи қалинлашиб бораверади. Аста-секин оғирлик кучи таъсирида, қорнинг эриб, қайта музлаши натижасида қор массаси остидаги ҳаво сиқиб чиқарилади ва у қаттиқ музга айланади. Қор ва музнинг оғирлиги бутун массани сиқиб чиқара бошлайди ва уни водий бўйлаб пастга силжишга мажбур этади. Музнинг бундай ҳаракатланаётган қисми тоғ музлиги деб аталади.

Европадаги Альп тоғларида 1200 дан ошиқ шундай музлик бор. Уларни Пиреней, Карпат, Кавказ, шунингдек, Осиёнинг жанубий қисмидаги тоғларда ҳам кўриш мумкин. Алясканинг жанубидаги баланд тоғларда ўн минглаб музликлар бор. Уларнинг айримлари узунлиги 50—100 км.ни ташкил этади.