Ерда инсоният пайдо бўлибдики, Ой унинг кўзларига жумбоқ бўлиб кўринади. Қадим замонларда одамлар Ойни тун илоҳаси, деб ҳисоблашган ва унга сиғинишган. Аммо бугун биз у ҳақда анча нарса биламиз. Ҳатто совет ва америкалик олимлар олган суратлар ёрдамида унинг «тескари» ёки қоронғи» томонини ҳам кўришимиз мумкин. Нега биз Ердан туриб Ойнинг тескари томонини кўра олмаймиз?
Ҳамма гап шундаки, Ернинг табиий йўлдоши бўлмиш Ой ўлчамлари унга нисбатан кичик бўлган осмон жисмидир ва у Ер атрофида айланади. Ой Ер атрофини бир марта тўла айланиб чиқиши учун 29,5 кеча-кундуз вақт кетади. Қизиғи шундаки, Ой ўз ўқи атрофида ҳам шунча кун мобайнида бир марта тўлиқ айланиб чиқади. Шунинг учун ҳам Ерга унинг фақат бир томони кўринади.
Буни янада яхшироқ тушуниб олиш учун шундай тажриба қилиб кўришингиз мумкин. Битта олма ёки апельсин олиб, уни икки бўлакка бўладиган чизиқ чизинг ва уни Ой деб фараз қилинг. Сўнгра қўлингизни мушт қилиб тугинг ва олдинга чўзинг. Уни Ер деб фараз қилинг. Энди «Ой»ни «Ер»га нисбатан фақат бир томони билан айлантиринг. «Ой» ни «Ер»га бир томони билан тутиб турган ҳолда «Ер» атрофида бир марта айлантириб чиқинг. Шунда «Ой» ўз ўқи атрофида ҳам айланаётганини кўрасиз, Ердан эса унинг фақат бир томони кўринади.
Ой фазалари цикли — даврийлиги янги ой чиқиши билан бошланади. Бу Ой Қуёш ва Ер ўртасида бўлган вақтга тўғри келади. Янги Ой кўзга кўринмайди. Сўнгра Ойнинг Ерга қараган томонига Қуёш нури туша бошлайди. Қуёш нури тушган жой айлананинг ингичка ва энсиз қисми бўлиб кўринади. Бу айлана тўлишиб борувчи Ой деб аталади. Ойнинг Қуёш нури тушувчи қисми тезлик билан ўсиб боради ва ярим айлана ҳолига келади. Бу дастлабки чорак дейилади. Сунгра тўлишиб, сўнгги чоракка етади. Шу алфозда цикл тугаб, қайтадан янги Ой чиқади.