Дунёнинг ўнинчи йирик қишлоқ хўжалиги давлати вазири Ўзбекистонда: ташрифдан кўзланган мақсад нима?

Туркия Республикаси қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири, доктор Бекир Пакдемирли бошчилигидаги катта делегация Ўзбекистонга кенг кўламли ташрифни амалга оширмоқда. Бу ҳақда Туркия элчихонаси матбуот бўлими хабар берди.

Вазирга 10 нафар бошқарма бошлиғи, яна бир қатор вазирлик мулозимлари, эксперт ҳамда тадбиркорлар ҳамроҳлик қилади. Делегация жорий йилнинг 7-11 февраль кунлари қишлоқ, ўрмон ва сув хўжалиги соҳаларида муҳим учрашувлар ўтказиши белгиланган.

“25 миллиард долларли экспорт ҳамда 48 миллиард долларли қишлоқ хўжалик маҳсулоти билан дунёнинг ўнинчи йирик қишлоқ хўжалиги давлати бўлган Туркия, чорвачилик бўйича Европада биринчи ўринда эканлиги билан глобал қишлоқ хўжалик иқтисодиётида кучли ўринга эга. Шунингдек, дунёнинг учинчи йирик уруғлик банки сиғимига эга бўлиб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хилма-хиллиги бўйича ҳам ўз ўрнини сақлаб келмоқда. Сабзавот, мева ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш билан шуғулланувчи Туркия кўплаб маҳсулотларда глобал қишлоқ хўжалиги бозорига таъсир кўрсатиш қобилиятига эга етакчи давлат сифатида қишлоқ хўжалиги, ўрмон ва сув соҳаларидаги фаолият ва тажрибаларини дўст ва қардош давлатлар билан баҳам кўришда давом этиб келмоқда”, – дейилади элчихона матбуот хизмати хабарида.

Доктор Бекир Пакдемирли бошчилигидаги делегация Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев, Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Низомиддин Бакиров, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳромжон Норқобилов ва Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси раҳбари Иброҳим Эргашев билан икки мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасидаги алоқаларни яхшилаш мақсадида кенг кўламли қўшма йиғилишлар ўтказади. Шунингдек, икки давлат қишлоқ хўжалиги ишбилармонлари ва вазирлар иштирокида бизнес форум бўлиб ўтади, сармоявий имкониятлар ўрганилади, ўзаро тажриба алмашилади ва муҳим ҳужжатлар имзоланади.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, 7 февраль куни Тошкентда икки давлат Қишлоқ хўжалиги ижроия қўмитасининг III йиғилиши бошланди. Ўзбек-турк учрашуви Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги техник, илмий ва иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги икки томонлама битим доирасида ташкил этилган. Қишлоқ хўжалиги ижроия қўмитасининг бундан аввалги йиғилиши 2018 йил 18 апрель куни Бухорода ўтказилган эди.