Нега биз ўргимчак тўридан кийим киймаймиз?

Ерда ўргимчаклар минг йилдан буён яшайди ва минг йилдан буён улар ғайриоддий толасидан тўр тўқийди. Нима учун одамлар ўргимчакларнинг ҳайратга соларли маҳоратидан фойдаланишмайди ва уларни ўзлари учун ишлашга мажбур этмайди.

Маълумки, ўргимчак толасидан газлама тайёрлаш тажрибаси анча олдин ўтказилган ва жуда яхши натижага эришилган. Бу газламалар бениҳоя бежирим бўлганки, унга ипак қурти толасидан тўқилган газлама сира бас келолмайди. Ўргимчак толаси ғоят нафис ва енгил, бор-йўғи 340 грамм чиқадиган толаси билан ер шарини экватор чизиғи бўйлаб боғлаш мумкин.

Балки ўргимчак толаси тез узилиб кетар? Олимлар бундай тажрибани ҳам ўтказишган, ўргимчак толасининг мустаҳкамлигини тадқиқ этишган. Ўргимчак толаси табиатдаги энг ингичка толалигига қарамай, у анчайин чидамли ҳам экан.

Бунга жавоб ҳам содда: ўргимчак газламаси оддий ипакдан 12 — 14 марта қиммат. Ипак тўқийдиган ўргимчакларни боқиш осон эмас. Улар жуда инжиқ ва тутқунликда тезда ўлади. Уни нима билан озиқлантириш мумкин, бу ҳам мушкул масала. Ўргимчаклар очофот бўлади. Ҳар куни деярли ўз оғирлиги баробарида овқат ейди. Баъзи бир чаққонлари бир кеча-кундузда беш юзга яқин ҳашаротни тутади.

90 йил олдин ўргимчак тўридан дирижабл учун парда тикишга уриниб кўришган, аммо газмолнинг узунлигини беш метрдан ошириш имкони бўлмаган.

Баъзи бир мақсадлар учун енгил ва мустаҳкам ўргимчак тўрлари яроқлидир. Масалан, ўргимчак толалари оптика ва асбобсозликда қўлланилади.