Муз даврида ҳайвонларга нима бўлган?

Шимол томондан улкан муз тоғлари сурилиб, Ер юзининг кенг минтақаларини босиб олган даврни — Муз даври дейишади. Ўша пайтларда Шимолий Америка, Европа ва Ғарбий Сибирнинг каттагина қисми қалин муз қатлами тагида қолган.

Бу қачон рўй берган? Жуда узоқ чўзилган бу жараён тахминан миллион йил бурун бошланган. Муз даври қачон тугаган? Ер юзининг турли минтақаларида турли даврларда. Европа шимолида, Россияда, масалан, бир неча минг йил илгари. Айтганча, баъзи минтақаларда ҳозирга қадар давом этмоқда: Гренландия шу кунларда ҳам бутунлай муз билан қопланган.

Муз саҳролари миллион-миллион квадрат километр майдонларга ёйилган. Европада унинг чегараси ҳозирги Англия, Германия, Руминия, Россиянинг жанубий ҳудудларидан ўтган.

Қудратли музтоғлар яқинлашиши билан аксарият жониворлар жануб сари сурилишга мажбур бўлган. Янги совуқ иқлимга мослаша олмаган ҳайвонлар ё иссиқ ўлкаларга кўчган ё нобуд бўлган. Ўша ерларда яшаётган ҳозирги ёввойи ҳайвонлар ана шундай шафқатсиз синовга дучор бўлган, Муз даври бошланишидан аввалги бой ҳайвонот оламининг ночор қолдиқларидир.

Инсон ўзгараётган иқлимга мослашишга муваффақ бўлди. Ҳавонинг совиши унинг ақлий қобилиятини ривожлантиришда муҳим ўрин тутган бўлса ажаб эмас. Чунки янаям оғир шароитларда ҳаёт кечириши учун у тадбиркорлик ва изланувчанлик қилишига тўғри келган.

Ўсимликлар ҳам ёпирилиб келаётган совуқ туфайли бошқа жойга, жануб томонларга кўчган. Уларнинг бир қисми музтоғлар эриши билан изига қайтган, аммо кўплари Ер юзидан сидирилиб кетган.