Мингоёқ нима?

Мингоёқлар деб 800 га яқин турни ўз ичига олган бўғимли мавжудотларнинг катта гуруҳини айтишади. Улар дунё бўйлаб тарқалган.

Мингоёқ зоҳиран узун чувалчангга ўхшайди. Танаси, одатда, 100 бўғимдан ташкил топади. Аммо бундан кўп бўғимлилари ҳам учрайди. Бўғимларнинг ҳар икки томонида бир жуфтдан тирноқли оёқлари жойлашган.

Мингоёқларнинг боши ҳам ажиб тузилган: унда узун мўйловлари, кучли жағлари ва иккита чақадиган қисгичи ўрнашган. Мана шу қисқичлари билан улар қурбонига заҳар сочиши мумкин.

Россияда жуфтлашган кўпоёқлилар гуруҳига кирувчи мингоёқлар кўпроқ тарқалган. Улар ўрмонлардаги хазон ва мохлар қатлами орасида яшайди.

Жуфтлашган кўпоёқлилар гавдаси юмалоқ, майда пушти чувалчангларга ўхшайди. Қорамтир кўзлари бошида жойлашган. Жуфтлашган кўпоёқлининг оғзи тишли кучли жағдан иборат. У оёғида жойлашган тешиклар ёрдамида нафас олади.

Хавф туғилган чоғда жуфтлашган кўпоёқли бадбўй заҳар ажратиб чиқаради. Агар жуфтлашган кўпоёқли қароргоҳидан олиб чиқарилса, у дарҳол ўралиб олади. Ҳимояланишнинг бу усули мингоёқларнинг ҳаммасига хос хусусият.

Унинг узунлиги одатда 1 сантиметрдан ошмайди. Тропик мамлакатларда узунроқ, 20—30 сантиметр чиқадиганлари ҳам учрайди. Мингоёқларнинг ҳаммаси асосан ўсимликлар, шунингдек, ўлган ҳашаротлар билан озиқланади.