Мазахчи ўз овози билан сайрай оладими?

Кўплар мазахчини бошқа қушлар сайроғи ва қичқириғини қойилмақом бажаришини эътиборга олиб, уни бошқа нарсага яроқсиз, деб ҳисоблайдилар.

Бу қушнинг тақлидчилик қобилияти ақлни тонг қолдиради. Кузатувчилардан бирининг айтишича, 10 дақиқа мобайнида мазахчи 32 қушнинг сайроғини ўхшатган экан! Мазахчи бошқа қушлар сайроғини такомиллаштириш баробарида унга ўзининг жарангли овозини жўр қила олар экан.

Биласизми, мазахчи баъзи пайтларда фермалар ёнидан тарқаладиган овозлар: товуқлар қуқулаши, итлар ҳуриши, араванинг ғичирлаш ёки почтачининг хуштагига ҳам тақлид қилади.

Буларнинг ҳаммаси бу ақлли қушнинг бошқаларникидан ажралиб турадиган овози йўқ экан-да, деган хулосани бермайди. АҚШнинг жанубида кўп учрайдиган бу қуш навоси қулоққа нақадар ёқимли эшитилади. Гоҳида қиш пайтлари ҳам сайрайди. Тахминан март ойларининг бошларида у кундуз кунлари, ой чиққан тунларда ҳам тез-тез сайраб туради. У ўз сайроғидан мағрурланаётгандек туюлади. Кўпинча бир қуш ҳаммасидан ошириб куйлаётгандай таассурот уйғотади!

Мазахчининг одамлар меҳрини ошираётгани битта бу эмас. Қуш табиатан шинаванда ва ишонувчан, у одамнинг ёнида яшагиси келаётгандай туюлади. Баъзан мазахчи ўз уясини дарахтзорда ёки уйга элтувчи йўлак четида ўсган ўсимликларга қуради. Бошқа ҳолларда у уясини девор бурчагида, шохчалар, дарахтлар орасига ёки узига таниш жойларга қуради.

Уя иплардан, латталардан, пўстлардан, патлардан, бир сўз билан айтганда дуч келган нарсадан тикланади. У мустаҳкам ва ичига тўшак ётқизилган ҳолда қурилади. Тухумлардан полапонлар униб чиққанда, мазахчи уларнинг муҳофазаси учун жонини жабборга беришга тайёр туради. У ўзидан икки баравар катта келадиган қушлару мушукларга, ит ва ҳатто одамларга ҳам ҳужум қилиши мумкин. Бу жонивор ўз оиласи ва уяси учун жонини қурбон қиладиганлар тоифасидан.

Мазахчи жанубда яшагани билан баъзи пайтларда шимолга, Мэн штати ҳудудларига қадар етиб боради. Ёзда эса уни бутун Мексика қўлтиғи бўйлаб учратасиз.