Лишайниклар илдизсиз, япроқсиз ва гулсиз ўсимликлардир. Лишайникларнинг очиқ кулранг, оқимтир ва ёрқин яшил рангдаги турлари учрайди.
Лишайникларнинг сайёрамизнинг барча бурчакларида 16 000 мингга яқин номдаги турлари учрайди. Уларни Қуёш нури жизғанак қилиб куйдирадиган саҳролардан тортиб, Антарктиданинг тап-тақир қояларида ҳам учратиш мумкин. Улар ташландиқ ерларда, тошларда, ориқ тупроқда, қулаган дарахтларда, ёғоч пўстлоғида — барча шароитларда ҳаётга мослашиб кетаверади. Лишайникларга на жазирама, на совуқ, на намлик ва на қурғоқчил иқлим тўсқинлик қила олмайди. Улар зарарли чанг, завод мўриларининг тутуни ва бошқа шаҳар «ажойиботлари» бор жойда учрамайди, холос.
Аслида ҳар қандай лишайник ягона организмни ташкил этувчи иккита ўсимликдан таркиб топади. Бундай ўсимликлардан бири замбуруғ, иккинчиси эса сувўтдир. Лишайникнинг асосий қисми кулранг ипсимон замбуруғдан иборат. Унинг толалари ўртасида сувўтнинг яшил ҳужайралари жойлашган бўлади.
Сувўт яшил ўсимлик сифатида, кулранг замбуруғдан фарқли ўлароқ, ўзига керак бўлган озуқани мустақил ишлаб чиқара олади. Шунинг учун лишайникнинг «замбуруғ» қисми сувўт ҳисобига озиқланади, ўз навбатида сувўт замбуруғ теварак-атрофдан ютиб олган намликдан фойдаланади. Шунингдек, замбуруғ ноқулай обҳаво шароитларида сувўтга бошпана ҳам беради. Тирик организмлар ўртасидаги бир тараф иккинчи бир тарафнинг кучли томонидан фойдаланадиган бундай ўзаро муносабат симбиоз деб аталади. «Симбиоз» юнонча сўз бўлиб, «биргаликда яшаш» деган маънони билдиради.
Лишайниклар секин ўсади, аммо жуда узоқ яшайди. Олимларга маълум айрим лишайниклар колонияси (тўп-тўп бўлиб яшовчи ўсимликлар) бундан, тахминан, икки минг йил муқаддам пайдо бўлган экан. Лишайникларнинг айрим турлари споралар ёрдамида кўпаяди. Аммо уларнинг аксарияти шамол бир жойдан бошқа жойга учириб кетадиган катта ўсимликлар бўлаклари, ҳайвонлар ёки она поясидан осонгина синиб тушадиган махсус ўсимталар ёрдамида тарқалади.
Лишайниклар ўсимликлар орасида биринчи бўлиб тап-тақир қояларни «ўзлаштира» бошлайди. Шу йўл билан улар аста-секин, аммо муқаррар равишда тоғ жинсларининг юзаки қатламини емириб, тош чангига айлантиради. Ушбу чанг бошқа қуриб қолган ва чириётган лишайниклар билан бирга тупроқда юпқа қатлам ҳосил қилади. Сўнгра унда аста-секин бошқа ўсимликлар илдиз отиб, ўса бошлайди.