Кунгабоқар нега кунга боқади?

Бу ўсимлик ўзининг чиройи билан не-не шоирларни, рассомларни ва оддий табиат шайдоларини ҳайратга солмаган дейсиз. Узун поядаги олтин бошчалар тўлқинларни тутадиган локатор каби доимо қуёшни излайди, унга интилади. Унга ошиқи беқарор бўлиб, ҳижронда бир-бирига талпинаётган ошиқ-маъшуқлар каби қайтадан офтоб чиқишини кутади. Шунинг учун ҳам у кунгабоқар деб аталади.

Ёввойи кунгбоқарлар иккала Америкада ҳам учрайди. У Кўҳна Дунё — Европага келиши билан гулхонадан гулхоналарга кўчиб юраверди ва «қуёш гули» деган ном олди.

Кунгабоқар уруғи Россияга Пётр I нинг буйруғи билан юборилди. Император чет элнинг ҳар бир янги нарсаси билан ўз мамлакатини таништиришни истар эди.

Кунгабоқар узоқ йиллар манзарали ўсимлик бўлиб келди. Аммо олимлар жон-жаҳди билан унинг фойдали сифатларини топишга уринар эди. Доришунослар кунгабоқарнинг бир оз қуритилиб, ароққа солиб қўйилган гули ва барглари билан безгакка чалинганларни даволаш мумкинлигини кашф этишди. Асаларичилар унинг гули таркибида нектар мўллигидан хурсанд. Аммо, барибир, кунгабоқарнинг асосий хусусияти очилмай қолаверди.

Шунда воронежлик крепостной деҳқон Бокарев ўз мамлакати ва бутун дунё учун муҳим аҳамиятга эга бўлган кашфиёт яратди. Бу тиниб тинчимас мужик кунгабоқарнинг уруғидан яхши ва хуштаъм ёғ олиш мумкинлигини аниқлаш учун анча-мунча бош қотирди.

Тарихда Бокарев тўғрисида фамилиясидан бўлак бошқа бирор маълумот қолмаган. Бугунги кунда унинг кашфиётидан бутун дунё фойдаланади. Таркибида ёғи мўл бўлган кунгабоқар ўз ватани — Америкага қайтди.