Колорадо қўнғизи қандай зарар етказади?

Ер юзида яшайдиган беҳисоб ҳашаротлар орасида инсонга зарар келтирадиганлари ҳам бор.

Мисол тариқасида очкўз ўсимлик шираси, чигирткаларни олайлик, уларнинг босқини оқибатини урушга менгзаш мумкин.

Ташвиш келтирувчи ана шундай ҳашаротлар сирасига картошказорлар кушандаси — колорадо қўнғизи ҳам киради. Уни узунасига ўтган сарғиш чизиқларига қараб, дарров аниқлаш мумкин. Пайт пойлаб, қишни ер тагида ўтказади. У картошка пояси униб чиқиши ҳамоно ҳужумга ўтади. Қўнғиз тупга ташланиб, баргларини еб қўяди. Оқибатда илдизмева шаклланмайди, туп эса сўлиб қурийди.

Макиён қўнғиз баргнинг пастки томонига жигарранг тухумларини ёпиштириб қўяди. Улардан тўқ қизил личинкалар очиб чиқади. Пояни еб битириш учун улар ота-оналарига сидқидилдан ёрдам беради ва тез каттаради, кейин ер тагига кириб, ғумбакка айланади. Бир қанча вақт ўтгач, улардан янги қўнғизлар дунёга келади ва бу жараён такрор давом этаверади.

Колорадо қўнғизининг асл ватани Шимолий Америкадир. У шу ердан Европага тарқалган. Унинг бу ерда табиатда учрайдиган душманлари топилмади ва жадал кўпайишига деярли ҳеч нарса халақит бермади. Шу боисдан одамлар колорадо қўнғизига қарши мудом қаттиқ курашиши керак. Ана шунда колорадо қўнғизига хос бир хусусиятни эсдан чиқармаслик зарур: у хавфли дақиқаларда у ўзини ўлганга олиб ерда ётади. Бу унинг кўп вақтларда омон қолишига сабаб бўлмоқда. Шу сабабли қўнғизларни хоҳ баргда бўлсин, хоҳ ерда (ўликка ўхшаб ётганларини ҳам) бўлсин, битта қолдирмай халта ёки банкага солиб, картошказордан ташқарига чиқариб ўлдириш керак.