Кокос ёнғоғи қандай ўсади?

Кокос ёнғоқлари ёки кокослар пальманинг меваси эканини ҳамма билса керак. Уларнинг пўчоғи қаттиқ бўлгани учун ҳам этини заҳа бўлишдан сақлайди. Чунки кокос пишгач, анча баландликдан ерга тушади.

Кокос ёнғоқларининг диаметри 8 — 20 сантиметргача етади. Қаттиқ пўчоқ остида унчалик қалин бўлмаган зич оҳ эт қатлами бор, марказдаги бўшлиқ эса сувга ўхшаш суюқлик — кокос сути билан тўла бўлади.

Агар кокос ёнғоғини яқиндан кўрган бўлсангиз, унинг пўчоғидаги учта «кўзчаси»га кўзингиз тушгандир. Бу «кўзчалар» очилмай қолган куртаклардир. Кокос ёнғоғи ерга экилганида, ўша куртаклардан бири униб чиқади ва ниҳолга айланади. Ундан янги пальма ўсиб чиқади. Аммо пальма орадан саккиз йил ўтгач, ҳосил беради.

Катта пальма дарахти йил бўйи гуллайди ва унда ҳамиша бир нечта пишган ёнғоқ бўлади. Бироқ ёнғоҳнинг пишиб етилиши дарахт экилган жой ва навига қараб бир неча ойдан бир йилгача, ҳатто ундан ҳам кўп чўзиладиган жараёндир. Ҳар йили ҳар битта дарахт ўртача 50 та ёнғоқ тугади.

Турли-туман кокос пальмасининг бўйи 6 метрдан 20 метргача боради. Уларнинг силлиқ танасида бутоқ ёки шохлар бўлмайди, фақат дарахтнинг тепасини бир тутам сертук япроқлар безаб туради. Япроқларнинг узунлиги 3 — 6 метрга боради. Кокос пальмаси денгиз сатҳидан 900 метргача баланд бўлган паст тепаликларда ҳам ўсади, аммо у одатда паст ерларга экилади.

Уларнинг ўзига хос хусусиятларидан бири, денгиз сувига муҳтож бўлмаса-да, унга яқин жойларда кўкаришидир. Бунинг сабаби шуки, пальманинг унчалик чуқур кетмаган илдизлари денгиз соҳилидаги серсув ердан намликни шимиб олади.

Кокос пўчоғига шўр денгиз суви зарар етказмайди, денгиз тўлқинлари гирдобига тушиб қолган ёнғоқ узоқ сайру саёҳатдан сўнг бошқа бир соҳилга чиқиб қолиши ва ундан янги пальма дарахти кўкариб чиқиши мумкин.