Инфузория — туфелька нима?

Агар сиз ҳовуз сувининг бир томчисини микроскопда кузатишда давом этсангиз, чўзиқ шаклдаги, бир учи қайрилган, иккинчи учи камбарроқ, туфличага ўхшаб кетадиган заррадай вужудни кўрасиз. Ишониш қийин, аммо бу вужуд ҳайвон сифатида таснифланади, чунки у бошқа ҳайвонлар каби ўзига овқат топиб ейди, микроскопда кўринадиган ўсимлик ва бошқа организмлар (ўсимликлар, биламизки, ўз-ўзига овқат ҳозирлайди)ни истеъмол қилиш илинжида ҳаракатланади.

Инфузория-туфельканинг танаси тўла нозик, биз киприкча деб атайдиган ҳивчин билан қопланган. Бу туклар минглаб эшкаклардек бир хил ҳаракатланиб, танани олдинга ё ортга ёки айланиб олишга мажбур этади.

Инфузория бактериялар, жумладан, ачитқи замбуруғлар ва бошқа бир ҳужайрали содда организмлар — майда, ҳайвонсимон микроблар билан озиқланган ҳолда чучук сувларда яшайди. Унинг ўз киприкчалари ҳаракатини бошқара олиши эҳтимолдан йироқ эмас, чунки у овқат ортидан қувиб етиши ёки хавфдан қутулиб қолиши учун йўналишини тез ўзгартира олади.

Бошқа тирик организмлар каби инфузория-туфелькалар кўпайиш хусусиятига эга. Вояга етган пайти улар иккига ажралиб кетади ва иккита янги мустақил организмга айланади. Инфузориялар, шунингдек, танасининг маълум бир қисмини бошқа инфузория билан алмаштириб ҳам кўпайиши мумкин.

Инфузорияларнинг диққатга сазовор томони шундаки, улар инсон ва бошқа йирик ҳайвонлар бажарадиган функцияларни яккаю ёлғиз ҳужайрасида амалга оширадилар, айни вақтда ана шу функцияларни инсон танасида, махсус вазифаларни бажариш учун маълум аъзода йиғилган миллионлаб ҳужайралар бажаради.

Функцияларнинг аниқ ихтисослашуви бир ҳужайрали инфузория-туфелькаларда ҳам мавжуд ҳужайра ичида иккита, бири иккинчисидан каттароқ бўлган шарсимон масса бор. Бу барча тирик организм ҳужайрасининг мағзи бўлган ядродир. Кичик ядро кўпайиш функциясини бажаради. Каттаси эса бошқа функцияларни адо этади.

Инфузория-туфелька инсон томонидан кашф этилган ва ўрганилган юз минглаб микроорганизмларнинг биридир. (Микроорганизмлар шу қадар кичкинаки, уларни кучли заррабин ва микроскопсиз тадқиқ этиб бўлмайди). Ердаги илк ҳайвонлар нимаси биландир микроскопда кўринадиган мана шундай ҳайвонларга ўхшаган бўлса ажаб эмас.

Ўхшаш мақолалар: