Илонлар тухум қўядими?

Кўпчилигимиз илонларнинг ҳаммасини бир деб биламиз. Улар орасида фарқ борлигини эшитган бўлсак-да, лекин бу фарқ унчалик катта эмаслигига шубҳа ҳилмаймиз.

Ана шундай фарқларнинг бири турли турдаги илонларнинг турли йўсинда кўпайишидир. Айтайлик, шақилдоқ илон, япалоқбош илон ва сувилонлар тухум қўймасдан болалайди. Бир мартанинг ўзида 75 та бола туғадиган илонлар ҳам аниқланган.

Бошқа тур илонлар тухум қўяди. Одатда улар тухумларини овлоқ жойларга, тошлар тагига, ёғочлар орасига ёки кундалар ичига қўяди. Илон тухуми шаклан товуқ тухумидан андак фарқланади: улар кичикроқ ва узунроқдир. Аммо катта илонларнинг тухуми катталиги жиҳатдан товуқларникидан қолишмайди.

Илон тухумининг пўсти анча мустаҳкам, терисимон. Тухумдондаги тухумлар сони илоннинг тури билан белгиланади. Энг кўп тухум қўядигани, бизнингча, питондир. Ҳинд питони бир вақтнинг ўзида 107 тагача тухум қўяди.

Тухум, одатда, сарғайган ўсимликлар орасида, иссиқда, қуёш тагида ётади. Баъзи пайтлар илонлар кулча бўлиб ётиб, тухумларини қўриқлайди.

Тухумдонга 100 та тухум қўядиган қайси бир жонивор ўз авлоди ҳақида ўйлайди, дейсиз? Албатта, ҳеч қайсиси! Тухумдан чиққан илонларнинг ҳаммаси ўз ғамини узи ейди!