Илк марта қачон ўғитдан фойдаланилган?

Ерни унумдор қилиш ва ўсимликлар ўсишини тезлаштириш учун тупроққа сепилган ҳар қандай модда ўғитдир. Ўғитлар нима учун керак? Аслида улар ҳосилдорликни оширади ва ориқ тупроқни бойитади.

Пишиб етилаётган ўсимликлар тупроқдаги озуқа моддаларини сўриб олади. Улар шу йўл билан тупроқнинг озуқа элементлари захирасини камайтиради. Уни тўлдириш учун деҳҳон ўғитлардан фойдаланади.

Қачондир яшаган тирик мавжудотлар ва ўсимликлар чириб, табиий ўғитга айланади. Улар сирасига ўсимликлар, япроқлар чириндиси, ҳайвонлар суяги ва уруғлардан тайёрланган ун, шунингдек, гўнг киради. Кимёвий ўғитлар турли манбалардан олинади.

Инсон қадим замонлардан бери ўғитлардан фойдаланиб келади. Масалан, хитойликлар бундан минг йиллар муқаддам ҳайвонлар ва ўсимликларнинг чиқитларини ўғит сифатида ишлатишган.

Милоддан олдинги II асрда римликлар экинларни алмашлаб экишган, тупроққа оҳак қўшишган, нўхат ва ловия экаётиб, ерни ўғитлашган.

XVII аср давомида Европанинг турли ерларида гўнгдан ўғит сифатида фойдаланилган, шаҳарлардаги чиқитлар далаларга олиб чиқилган, ерни бойитиш учун йўнгичқа экилган.

Бенжамин Франклин 1748 йили Америкада сўндирилган оҳакнинг нималарга қодир эканини намойиш этди. У Филадельфия атрофидаги шоссе буйлаб катта ҳарфлар шаклида оҳак қатламини ерга сурдириб чиқади. Ҳарфлар «Бу ер оҳакланган» деган сўзларни ҳосил қилади.

Бир оз вақт ўтгач, оқ ҳарфлар йўқолиб кетади, аммо майсалар униб чиқиши билан яна ёзув пайдо бўлади, чунки майдоннинг ўғитланган қисмидаги майсалар бошқа жойлардагига нисбатан гуркираб, бўлиқ ўсаётган эди.