Ёввойи ўтлар қандай кўпаяди?

«Ёввойи ўт» дейилиши билан хаёлимизга, у фойдасиз ўсимлик экан, қабилидаги фикр келади. Аммо табиат нуқтаи назаридан барча ўсимликлар бир хил фойдалидир. Одамлар фақат ўзлари учун аҳамиятли ўсимликларни танлаб олиб, ўстириши, полиз ёки чопилган ерларда ўсадиган бошқа ўсимликларни эса ёввойи ўт деб аташи эса бутунлай бошқа масала.

Ёввойи ўтлар келтирадиган зарар ҳам турличадир. Айрим ёввойи ўтлар ўтлоқларда ўтлаб юрган сигирлар ёки отлар учун заҳарлидир. Бошқа бирлари эса қуёшни тўсиб, намликни ва тупроқдаги озуқа моддаларини тортиб олиши билан маданий экинларга зарар келтиради. Ўтларнинг яна бир турлари эса паразитлардир. Улар касалликлар манбаи бўлиши билан бирга экинларга зарар келтирадиган ҳашаротларни ҳам ўзига жалб этади.

Ёввойи ўтларга қарши курашиш, албатта, қийин. Уларни ҳар йили юлиб ташлаш керак бўлади. Бунинг сабаби шуки, ёввойи ўтлар турли йўллар билан кўпаяди ва инсонга бу жараённи назорат қилишида жиддий қийинчиликлар туғдиради. Ёввойи ўтларнинг маълум бир қисми бир жойдан бошқа жойга ҳайвонларнинг емиши, чанг, ахлат ёки гўнг билан бирга кўчади. Улар кўпайишда инсоннинг бепарволигига эҳтиёж сезмайди. Чунки уларнинг ўз тарқалиш ва кўпайиш воситалари бор.

Масалан, итузум, зарпечак, совунак каби ёввойи ўтлар шунчалик кўп уруғ етиштирадики, уларнинг бир қисми ҳар қандай шароитда яшаб қолади.

Бошқа ёввойи ўтларнинг уруғида ёки мевасида тук ёки қанотча кўринишидаги ўсимталар бўлади. Шамол бундай уруғларни узоқ масофаларга учириб кетади. Шовул, қоқигул, кислица каби ўтлар шундай тарқалади. Шундай ёввойи ўтлар ҳам борки, уларнинг мева ва уруғида тук ўрнига ҳайвонлар териси ва одамлар кийимига ёпишиб қоладиган тикан ёки илгакчалар бўлади. Қушқўнмас ана шундай ўтдир. Аммо эпчил ёввойи ўтлар, умуман, уруғ ёрдамида кўпаймайди. Уларнинг ер остида тарвақайлаб кетган илдизпояси бўлади, биз Ер юзасида кўриб турган қисми эса пасқам ва тик ўсимталар, холос. Агар унинг ер остидаги илдизпояси кесиб ташланса, улар қуриб қолмайди, аксинча, бир-биридан мустақил иккита ўсимликка айланади.