Ҳайвонларга бурун нима учун керак?

Бурун энг аввало ҳидни сезиш учун керак. Ҳидлар олами ҳайвонлар учун алоҳида аҳамиятга молик. Уларга шамоллар ва оқимлар яхши ёки ёмон хабарларни олиб келади, бошқа ҳайвонларнинг муаттар ҳидлари ўрнашган тошлар ва буталар «Хуш келибсиз!» ёки «Чегара бузилмасин!» дея хабар бериб туради.

Кўпчилик тирик мавжудотларда бурун энг аввало ҳид билиш органи ҳисобланади. Аммо бурун ҳайвонларга озиқ излашда ҳам ёрдам беради. Калифорния университетининг биологлари тумшуқлари сиртида найчасимон бурунлари бўлган хилма-хил денгиз қушларидаги ҳид билиш кучини тадқиқ қиладилар. Улар узун таёқ учига қиймаланган балиқ шарбати шимдирилган пахтани боғлаб сувга туширилганда қушлар озиқ ҳидини уч километрдан сезишганини аниқлашган.

Аммо денгиз қушлари бундай аъло сифат бурунга эга бўлган қанотлиларнинг ягона вакиллари эмас. Масалан, ҳид билиш чуғур-чуғларга ўсимликларнинг ҳар хил турларини фарқлашларида катта ёрдам беради. Бу уларга нима учун керак? Гап шундаки, чуғурчуқлар ўз инларини бактериялар ва ҳашаротлар учун заҳарли хусусиятга эга бўлган бўйимодарон, ёввойи сабзи ва бошқа ўсимликлар поясидан тўқийди.

Аммо ҳайвонлар бурни фақат ҳид билиш аппаратигина эмас. Масалан, фил хартумидан анча йўғон дарахтларни қулатганида лом сифатида ёки сувда сузиб кетаётганида нафас олиш найчаси, сув ичаётганида эса — ичак сифатида фойдаланади. Фил унинг ёрдамида карнай овозини ҳам чиқаради. Чўллар вакили бўлмиш туя нафас олганда бурун тешиклари орқали сув буғларини сингдиради ва шу йўсинда унинг намлигини сақлайди. Бегемотларнинг ғаройиб бурунлари бор! Сувга ботганда ушбу териси қалин ҳайвон ўз бурун тешикларини ҳеч нарса ўтмайдиган қилиб «беркитиб олади».

Бурун кўрсичқонлар ҳаётида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Кўрсичқон ер остида озиқ излаб ўз йўли бўйлаб саёҳат қилар экан, айнан бурнининг сезгирлигига суянади. Делфинлар бурунлари ёрдамида шунчалик аниқ «кўрадики», ҳарбий-денгиз флоти мутахассислари уларга сув ости миналарини қидириб топишни ўргатадилар.