Ҳайвонлар думларидан қандай фойдаланади?

Турли ҳайвонлар думларидан турлича фойдаланади. Олмахон, сувсар ва маймунларнинг айрим турлари думлари билан шохларга ёпишиб ёки юқорида улар воситасида мувозанат сақлаб, арқон сифатида фойдаланади. Кенгуру ўзининг уч метрлик думида табуреткада ўтиргандек ўтиради, қушлар эса думларидан рул ёки тормоз сифатида фойдаланади. Аммо думнинг энг ноодатий вазифаси — ундан хазина сифатида фойдаланишдир. Мулкингни ўзинг билан олиб юришга нима етсин. Қўштуёқлилар, эчкемарлар ортиқча ёғни думининг асосида тўплайди. Думбали қўйларнинг осилиб турадиган иккита палласида 11 килограммгача ёғ бўлади.

Шимолда ва тоғликларда яшовчилар: тулкилар, сувсарлар ва қоплонлар пахмоқ думларидан иссиқ адёл сифатида фойдаланади. Тулки қишда уядан фойдаланмайди. Кечаси у қор устида ётади, ғужанак бўлиб, оёқларини ичига олади, танасининг туклар билан ҳимояланмаган ягона қисми — бурнини думи билан ёпади.

Ҳайвонлар думларидан сақловчи арқон ёки бешинчи қўл сифатида фойдаланади. Шимолий Америка опоссумларининг думи узун ва кучли бўлади. Опоссум (қопчиқли каламуш) дарахтлар шохларида юрар экан, думи билан шохларга ёпишади ва ҳатто унда осилиб туриши мумкин. Уя қурар экан, урғочиси хашакни доналаб емас, балки думи билан ўраб, боғламлаб олиб келади. Австралиянинг энг кичик кенгуруларидан бири — чўткадумли каламуш кенгуру ҳам шундай қилади.

Думи бақувват маймунларда дум бешинчи қўл вазифасини бажаради. Улар думларини дарахт шохига ўраб олиб, қўлларини бошқа фойдалироқ иш учун бўшатади. Баъзида, аксинча, оёқлари билан дарахтга ёпишиб, думи билан пишган меваларни узиб оғзига солади. Дум бешинчи қўл вазифасини ўташи учун ундаги юнг сийраклашади, кўпинча жун умуман бўлмайди ёки лоақал думнинг учидан фойдаланганда ҳалақит бермаслиги учун туксиз бўлади.

Дарахт илонининг ҳам иши думсиз битмайди, чунки унда қўл-оёқ бўлмайди-да. Илон думининг учи билан шохга ёпишиб, ўзининг ингичка бир ярим-икки метрли танасини пастга осилтиради ва бошини қуйи осилтирганча таянч излайди, агарда уни тополмаса, думи бўйлаб ўзи ҳозиргина осилиб тушган шохга қайта кўтарилади.