Ҳамма балиқлар увулдириқ сочадими?

Аксарият балиқлар увулдириқ сочади ва улар организмдан ташқарида оталанади. Увулдириқ сочадиган балиқлар тухум қўювчилар деб аталади. Бироқ айрим балиқлар тирик балиқча туғади. Бу сираси болалайдиган балиқлар дейилади.

Найзабалиқ болалайдиган балиқлар гуруҳига мансуб. Уларнинг уруғи организм ичида оталанади ва ўша ерда балиқча бўлгунча ривожланади. Маълум вақтдан сўнг, улар дунёга келади. Бу воқеа оталанганидан 21 кун ўтгач содир бўлади.

Сочилган ва оталанган увулдириқлар сони балиқнинг турига қараб кескин ажралади. Айрим балиқлар увулдириқ сочади-ю, аммо унга бошқа қизиқмайди. Булар жуда кўп миқдорда увулдириқ сочадиган балиқлардир. Ўз наслини кузатиб турадиган балиқлар саноқли увулдириқ ташлайди.

Увулдириқ икки турда бўлади. Увулдириқнинг бир тури сув юзида сузиб юради, бошқаси эса чўкиб кетади. Сувда сузиб юрадиганлари пелагик увулдириқ дейилади. У одатда зиғирдай кичкина, тиниқ ва оқсилга бой бўлади. Чўкадиганлари чўкма увулдириқ дейилади. У оғир ва таркибида оқсил мўл бўлади.

Масалан, сельдь чўкма увулдириқ сочади ва сўнг унга умуман парво қилмайди. У 20 000 дан 40 000 тагача увулдириқ ташлайди. Треска эса аксинча, пелагик увулдириқ сочади. Ўртача катталикдаги треска юз миллионлаб увулдириқ ташлайди!

Скумбрия бир мавсумда 400 000 дан 500 000 тагача, бир сочганда эса 50 000 та увулдириқ ташлайди. Катта палтус икки миллионтагача увулдириқ сочади.

Увулдириқлар катта-кичиклиги билан ажралиб туради. Сельдь увулдириғи 1 миллиметр, тресканики 1,5 мм, пальтусники 3 мм бўлади. Назорат остида бўлган увулдириқларнинг балиқча дунёга келгунга қадар яшаб қолиш имконияти кўп бўлади. Бироқ миллион-миллион увулдириқлар бошқа балиқлар ва сув ҳайвонлари томонидан еб қўйилади.