Фотосинтез нима?

Барча тирик организмлар нафас олади. Улар кислородни ютади ва унинг ёрдамида энергия ишлаб чиқаради, сўнгра инсон учун ҳам, бошқа тирик мавжудотлар учун ҳам зарарли бўлган карбонат ангидрид газини чиқаради. Шунинг учун ҳам биз бирор хонани шамоллатмай, узоқ ўтириб қолсак, ҳаво оғирлашиб, нафас олишимиз қийинлашиб қолади. Миллиардлаб организмлар тинмай нафас олиши натижасида ҳаво ҳам заҳарли карбонат ангидрид гази билан тўлиб боради. Бундан ташқари, инсон қўли билан қурилган заводлар ва фабрикалар тутун ҳамда кўплаб миқдордаги карбонат ангидрид гази ажратиб чиқаради. Буларга автомобилларни, юк машиналарини, автобусларни… ҳам қўшинг.

Барча тирик организмлар карбонат ангидрид газини чиқараётган экан, унда нега биз бўғилиб қолмаймиз? Оқил табиат ҳар бир нарсани мутаносиб ҳолда яратган. Бу ҳолда ҳам барча тирик организмларни ўзи чиқарган газдан бўғилиб қолишига йўл қўймайдиган жараён мавжуд. Бу жараён карбонат ангидрид газининг меъёрдан ошиб кетишига йўл қўймайди ва ҳавони кислород билан тўлдириб туради. Фотосинтез деб аталадиган жараён фақат ўсимликларда кечади.

Умуман олганда, фотосинтез — ўта мураккаб жараён. У қуйидагича содир бўлади: дастлаб ўсимлик ердан (нам тропик ҳавосидан) сув ичади, сўнгра махсус модда-хлорофилл, шунингдек, Қуёш нури ёрдамида жараённинг ўзи содир бўлади. Фотосинтез натижасида ҳосил бўладиган ўсимликларга зарур озуқани улар гетеротроф, яъни тайёр йўл билан ололмайди, аксинча, ўзлари ишлаб чиқаради. Бу уларнинг автотроф — маҳсулотни ўзи ишлаб чиқариш йўли билан озиқланишидир.

Фотосинтез икки томонлама фойда келтиради. Биринчидан, ўсимликлар бу жараён ёрдамида ўзларига зарур бўлган озуқани олади. Иккинчидан эса, фотосинтез маҳсулотларининг чиқиндиси бўлган кислород билан бошқа мавжудотлар нафас олади. Фотосинтез жараёни фақат яшил ўсимликларда кечгани учун ҳам шаҳарликлар кўпроқ экинлар кўкартириш ва боғлар яратишга ҳаракат қилади.