Ернинг оғирлиги қанча?

Ер Коинотда муаллақ тургани учун унинг вазнини тарози палласига қўйиб ўлчаб бўлмайди. Ернинг вазни тўғрисида гапирилганда, аввало, у таркиб топган моддалар миқдори назарда тутилади.

Ернинг массаси, тахминан, 5,976 секстиллион тоннани ташкил этади. Яхшироқ тасаввур қилишингиз учун ушбу рақамни тўла келтирамиз: 5 976 000 000 000 000 000 000 000. Олимлар Ернинг массаси айнан шунча эканини қандай аниқлашган?

Улар буни аниқлаш учун икки жисмнинг ўзаро тортишиш қонунидан фойдаланишади. Гравитация кучи айнан шу тортишишга боғлиқ. Оддий сўз билан айтганда, икки жисмнинг ўзаро тортишиши уларнинг массаси ва ўртасидаги масофага боғлиқ. Нарсалар қанча катта бўлса, улар бир-бирини шунча катта куч билан тортади. Улар бир-биридан қанча олисда бўлса, бу куч шунча кичик бўлади.

Ернинг вазни қуйидагича ўлчанади: кичкина бир юк ипга осиб қўйилади, сўнгра бу юкнинг ҳолати ўлчанади. Ўша юкнинг ёнига бир тонна қўрғошин қўйилади. Юк ва қўрғошин ўртасида тортишиш пайдо бўлади, натижада юк бир оз четга оғади. (Бу оғиш амалда 0,000 02 мм.ни ташкил қилади. Шунинг ўзиёқ ўлчов қанчалик аниқ бўлиши лозимлигини кўрсатади.)

Олимлар бундай ўлчашлардан кейин математика ёрдамида Ернинг вазнини ҳисоблаб чиқишди. Улар Ернинг вазнига нисбатан тортиш кучини ўлчашди ҳамда бир тонна қўрғошин осиғлик турган юкни ўзига тортишини ўлчашди. Ҳисоблаб чиқилган нисбий фарқ Ернинг массасини кўрсатади.

Масса нимадан ҳосил бўлади? Унга қаттиқ тоғ жинсларидан иборат қобиқ, мантия деб аталадиган қаттиқ жинслардан иборат қатлам, сўнгра ички қисм — ядро киради.