Ерда динозаврлардан олдин қандай ҳайвонлар пайдо бўлган?

Миллион йиллар олдин Ерда улкан калтакесаклар-динозаврлар яшашган. «Динозавр» сўзи юнонча бўлиб, кучли, даҳшатли, оғир вазнли калтакесак маъносини беради. Бироқ кўпгина олимлар бу истилоҳ унчалик тўғри эмас, деган фикр билдиришади, чунки баҳайбат калтакесаклардан ташқари от, қуён ҳатто қўшоёқдай келадиган ўлчамдаги динозавр қолдиқлари топилган.

Узоқ йиллар динозаврлар сайёрамизда яшаган энг биринчи ҳайвонлар, деб ҳисоблаб келинди, бу ҳақиқатга унча тўғри келмайди. Янги Зеландияда ҳозир ҳам «илк калтакесак» — протозаврларнинг яккаю ягона вакили, ташқи қиёфаси динозаврларга қадар ўн миллионлаб йил бурун яшаган ҳайвонларнинг ташқи қиёфасини сақлаб қолган гаттерий яшайди.

Бизга яхши таниш бўлган тошбақалар 200 миллион йил олдин пайдо бўлган, демак, улар ҳам динозаврлардан олдин яшаган. Устига устак тошбақалар бу даврда жуда оз ўзгарган.

Қурбақаларнинг ҳам кўплаб турини динозаврларнинг замондоши, деб санашади.

Балиқларнинг бир талай турлари, масалан, акулалар, скатлар (думи ингичка, япалоқ денгиз балиғи), илонбалиқлар, бакрабалиқлар ҳам сайёрамизга динозаврлар хўжайинлик қилгунга қадар пайдо бўлган.

Асримиз бошларида Индонезиянинг Комодо оролида узунлиги 3 метрдан зиёд улкан «аждарҳолар» — эчкиэмар калтакесаклар яшагани аниқланган, айримлариники (баъзи маълумотларга қараганда) 4-5 метрга етган. Ҳинд океанидаги Комор ороллари яқинида шокила балиқ — целакантани топишганки, уни юз миллион йил олдин нобуд бўлган, деб ҳисоблашади.