Дунёдаги энг катта шаршаралар қайсилар?

Шаршара юксакликдан пастга оқиб тушадиган сув оқимидир. Агар сув ҳажми оз бўлса, шаршара «каскад», кўп бўлса, «катаракт» деб аталади.

Айрим шаршаралар юз метрлаб баландликдан яхлит ва энсиз оқим бўлиб пастга тушади. Бошқалари эса камардан ошиб ўтадиган сувнинг мўллиги ва энлилиги билан машҳур. Улардан айримларини кўриб чиқайлик. Венесуэланинг Гвиана тоғларидаги Анхель шаршаралари дунёдаги энг катта (980 метр) ва узун узлуксиз тушум (807 метр) га эга. Шаршараларни 1935 йили америкалик учувчи Жеймс Эйнжел кашф этган.

Осиёдаги энг катта шаршара Ҳиндистондаги Герсоппа шаршарасидир. Бу катаракт умумий узунлиги 252 метр бўлган тўртта камардан оқиб тушади. Суви энг кўп катаракт Бразилия ва Парагвай чегарасидаги Гуайра шаршарасидир. Ундан ҳар секундда 13 309 куб метр сув тушади. Гуайра умумий сув тушумининг узунлиги 60 метр бўлган 18 та бўлак-бўлак шаршарадан иборат.

Дунёдаги энг баланд шаршаралардан бири Калифорниянинг Йосимит Миллий боғидаги Риббон шаршарасидир. Бу энсиз сув оқими Мерсед дарёсига 490 метр баландликдан тушади.

Дунёдаги иккинчи катта шаршара Жанубий Африкадан топилган. Бу Тугела шаршарасидир. У 853 метр баландликдан беш босқичда оқиб тушади.

Энг машҳур шаршара эса Ниагара шаршарасидир. У Нью-Йорк штатидаги Буффало шаҳридан 25 км узоқликда оқиб ўтадиган Ниагара дарёсидадир. У иккита катаракт: Тақа (Канада) ва Америка шаршараларидан ташкил топган. Америка Қўшма Штатлари ва Канада ўртасидаги чегара Тақа шаршарасининг марказидан ўтади.