Дарёвуш 1 даврида Форс импeрияси қай аҳволда эди?

Кирёвушнинг ўғли Камбиз отасининг ниятини амалга ошириб, эрамиздан аввалги 526 йилда Мисрни забт этди. Энди Форс салтанати Ҳинд дарёсидан Нил дарёсигача кенгайди.

Ундан кейин — Дарёвуш 1 шоҳ бўлди. У ўзининг тахтга чиқишига қарши бўлганлар исёнини бостириб, салтанатни қайта қуришга киришди: 20 сатрапия ёки вилоят тузди, уларнинг ҳар бирини сатраплар бошқарарди. Бу сатраплар шоҳга содиқ форс амалдорлари ёки шоҳ хонадони аъзолари бўларди. Сатрапларга ўз вилоятларидан солиқ ундириш топширилганди. Тўланадиган солиқ олтин ҳам, кумуш ҳам бўлиши мумкин эди. Ҳатто чорва, қул, Арабистон мушку анбари, Хабашистон фил суяги ва Бақтрия туяси ҳам солиқ учун бериларди.

Қўшин ва унинг эҳтиёжлари билан сатраплардан мустақил бўлган саркардалар шуғулланишарди. Бир қанча йўл тармоғи барпо этилганди. Форсдаги Сузадан Онадўлидаги Эфесгача бўлган подшолик йўлидан шоҳ чопари бир ҳафтада 2700 километр йўлни босиб ўтарди. Йўлнинг бошидан охиригача карвонсаройлар барпо қилинганди, бу ерда чопарлар отларини алмаштиришарди.

Дарёвуш Қизил денгиз билан Нил оралиғида канал қаздиради, шундан сўнг кемалар Ҳинд океанидан Ўрта Ер денгизига тезроқ етиб борадиган бўлди. Дарёвуш, шунингдек, бутун бошли флотни ҳам барпо этган.