Месопотамия текислигидан шарқда жойлашган Эрон мидияликлар ва форслар ватани бўлган. Бу замин Дажла ва Фрот дарёлари оралиғидаги ердан жуда катта фарқ қилади, бу ерда чўлу биёбон ҳам, тоғлар орасида жойлашган ҳосилдор водийлар ҳам бор.
Мамлакатнинг жануби-ғарбида – Месопотамия текислиги қисмида – Шумер шаҳарлари каби жаҳондаги энг қадимги бир қанча шаҳарлар бўлган. Бу ерда асосий маркази Сузада бўлган Элам подшолиги бўлган. Бу мамлакатда истиқомат қилган одамлар дастлаб ҳозиргача ҳам ўқилмаган пиктографик белгилар билан ёзишган. Қолаверса, бу халқлар – тарихининг ўша даври ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Бироқ эрамиздан аввалги учинчи минг йилликда Элам аҳолиси ўзининг чизиқли ёзувларини яратишган – қўшни халқлардан миххатни ўзлаштириб олишган.
Эрон ясси тоғликлари ва уни ўраб олган тоғли тизмалари ҳудудига Марказий Осиёдан ўтиш осон бўлганлиги учун кўплаб кўчманчилар, шу жумладан форс тилида сўзлашувчи мидияликлар, форслар бу ерга кириб келардилар. Улар чўлу биёбонлардан эрамиздан аввалги 1300 йилларда келганлар ҳамда бутун мамлакат бўйлаб тарқалиб кетганлар. Ғарбда ўтроқлашиб қолганлар орасида мидияликлар ва форслар ҳам бўлганлар. Мидияликлар кўп вақтларини от миниб ўтказишар, уларнинг кийими-иштони ҳамда кигиздан тайёрланган бош кийимлари осиёлик бошқа кўчманчиларники сингари эди.
Мидияликлар аста-секин қудратли бўла бориб, эрамиздан аввалги 612 йилда бобилликларга Оссурия устидан ғалаба қозонишда ёрдам берадилар. Онаси мидиялик аёл бўлган Буюк Кирёвуш мидияликлар ва форсларни бирлаштиради. Унинг фатҳу зафари натижасида империя қадимги дунёдаги энг йирик салтанатлардан бўлиб қолди. Дастлаб у Онадўлида жойлашган Лидияни маҳв этади. Лидияни афсонавий тарзда бадавлат бўлган подшо Крез ўз пойтахти Сардисдан туриб бошқарарди. Лидияликлар тангаларни — бир хил вазндаги металл бўлакларини — биринчи бўлиб ишлата бошлаганлар. Бу тангаларнинг ўзгармаслигини давлат назорат қилиб турган. Лидияликлар бойлиги манбаи Сардис орқали оқиб ўтувчи Пактол дарёсидан олинадиган олтин эди.