Эрта баҳорда дарахтларни кузатсангиз, олча, ўрик, шафтоли каби дарахтлар, ҳали япроқлар пайдо бўлмай туриб, гуллаганини кўрасиз. Бу тасодиф эмас.
Барча дарахтларнинг ўз ёрдамчилари бор. Гуллар ва бошқа кўпгина майда ўсимликларга чангланишда капалак ва арилар ёрдам беради. Аммо катта дарахтларга бундай митти ёрдамчиларнинг ёрдами кифоя қилмайди. Яна бир томони, улар Ерга яқин учишади. Шу сабабдан гул пашшалари ҳам дарахтларни чанглай олмайди. Дарахтларга гулчангни ташишда ким ёрдам беради? Маълум бўлишича, бундай беминнат ёрдамчи шамол экан. Аммо шамолни ёрқин гуллар билан ҳам, ўткир ва хуш бўйлар билан ҳам жалб этиб бўлмайди. Шунинг учун унга мослашиш лозим. Олча, ўрик, шафтоли дарахтлари шамолга мослашиб олишган. Шунинг учун ҳам улар япроқ ёзмай туриб гуллашади. Шохлар орасидан бемалол ўта оладиган шамол гулчангни учириб, чор-атрофга ёяди. Шундай қилиб, шамол ҳашаротлар ўрнига дарахтларни чанглайди, йўқса, уруғлар пайдо бўлмас эди.
Аммо шамол гулчангни бутунлай бошқа томонга ҳам учириб кетиши мумкин. Дарахтлар бунинг ҳам йўлини топишган экан. Уларда кўп миқдорда гулчанг пайдо бўлгани учун ҳам, унинг бир қисми нобуд бўлгани билан ҳеч нарса ўзгармайди. Айрим дарахтларнинг гули кўзга кўринмагани билан эса шамолнинг иши йўқ.