Чирилдоқ қандоқ сайрайди?

Бу тур ҳашаротларни немислар «сайроқи тойчоқлар» дейишади. Уларнинг бундай ном олишига нар чирилдоқларнинг на сайраш, на чуғурлаш, на чириллашга ўхшаган овоз чиқариши сабаб бўлган. Юнон афсоналарида айтилишича, Эвном ва Аристон деган мусиқачилар мусобақа уюштирганларида тўсатдан Эвномнинг тори узилиб кетади. Шу пайт унинг урнига чирилдоқ келиб ўтиради ва ўз чириллаши билан мусиқачига ғалаба келтиради. Шундан буён юнонлар арфа (чертиб чалинадиган асбоб)да ўтирган чирилдоқни мусиқа рамзи қилиб олишган.

Чирилдоқлар қандай қилиб анчайин кучли ва ёқимли оҳанг чиқаради? Гап шундаки, уларнинг кўкрагида ҳужра бўлиб, унда жойлашган юпқа пардани кучли мушаклари ҳаракатга келтиради. Мушакларнинг қисқариш тезлиги хаёлга сиғмайди — бир секундда йигирма мингни ташкил этади. Юпқа пардалар ҳаракатга келганда кучли овоз чиқаради. Бу овоз кучлантирувчи мураккаб системадан ўтади ва шу боисдан жуда узоққа таралади.

Шуниси ғалатики, чирилдоқлар урғочиси сайрамайди. Бизнингча, уларнинг мусиқий эҳтиёжини нарларининг оҳанграбо сайроғи тўла-тўкис қондирса ажаб эмас.

Одамлар чирилдоқнинг мусиқий қобилиятига аллақачонлар эътибор қаратишган. Чирилдоқларнинг ранг-баранг, ўзига хос дилбар овозидан завқ туйган шарқ одамлари уларни сайроқи кушлар каби қафасларда сақлашган.