Чангланиш нима?

Гул гулли (уруғли) ўсимликларнинг кўпайиш органидир. Бошқача айтганда, гул ўсимликларда гулчанг ёки уруғ ва ёхуд иккаласини ҳам биргаликда ҳосил қилади.

Гулнинг асосий қисми оналиклар ва оталиклардир. Кўпгина гулларда (ҳаммасида эмас) марказда жойлашган (битта ёки бир нечта) оналик ва уни ҳар томондан ўраб турган оталиклар бўлади.

Оналикнинг қуйи қисмидаги йўғон жойда уруғкуртак деб аталган майда таначалар бўлади. Уларнинг ҳар бири шароит қулай бўлган вазиятда уруғга айланиши мумкин. Уруғкуртакнинг энг муҳим қисми майда тухумҳужайрадир. Тухумҳужайралар шу қадар майдаки, уларни фақат микроскоп ёрдамида кўриш мумкин.

Ҳар бир оталикнинг тубида гулчанг тўла қопча бор. Кўпайиш даври келганда, бу қопчалар очилиб, сариқ рангдаги ва майда кукун ҳолидаги гулчанглар атрофга тарқалади.

Уруғ ҳосил бўлиши учун гулчанглар қайсидир йўл билан оналикка тушиши керак. Гулчангнинг оталикдан оналикка кўчиш жараёни, у қандай рўй беришидан қатъи назар, чангланиш деб аталади.

Бир қанча чангланиш усуллари бор. Бу усулларнинг энг оддийси гулчангнинг ўз-ўзидан оналикка тушишидир. Бундай усул ўз-ўзидан чангланиш деб аталади. Аммо бу жараёнда кўпинча шамол ва ҳашаротлар иштирок этади.

Кўпгина ўт-ўланлар (нафақат оддий пиёзли ўтлар, қолаверса, буғдой ва бошқа бошоқли экинлар ҳам) шамол ёрдамида чангланади. Бу жараён жуда осон кечади. Шамол ўсимликни тебратиши натижасида оталикдан гулчангларни тўкиб, бутун дала ёки ўтлоққа ёяди. Унинг бир қисми оналикда ўрнашиб қолади ва тухумҳужайралар уруғланиши оқибатида, уруғ пайдо бўлади.

Гуллар кўпинча ҳашаротлар ёрдамида чангланади. Одатда, бу ҳол ёрқин ранги ва ўткир ҳиди билан ҳашаротларни ўзига жалб этадиган гулларда содир бўлади. Улар асал учун нектар излаб, гулларга қўнади. Гулчанг эса ҳашаротлар учун озуқа вазифасини ҳам утайди. Ўша пайт гулчангнинг бир қисми уларнинг танаси ва қанотларига илашиб қолади, сўнгра асалари, капалак ёки тукли ари кейинги гулга учиб ўтганида, ўша чангни ўзлари билмаган ҳолда унинг оналигига қоқиб туширади.