Буржлар нима?

Юлдузларни кузатаётганда, улар таниш ҳарфлар, учбурчаклар, квадратлар ҳосил қилишига эътибор берган бўлсангиз керак. Одамлар қадим замонлардан бери дунёнинг турли бурчакларида шундай юлдузлар туркумини турли номлар билан атаб келишган. «Бурж» араб тилидан таржима қилганда «юлдузлар туркуми» деган маънони англатади.

Буржларнинг номлари бизга қадимги римликлардан етиб келган, улар эса бу номларни юнонлардан олишган. Юнонларга эса юлдузлар тўғрисидаги маълумотларнинг бир қисми бобилликлардан ўтган.

Бобилликлар юлдузлар туркумини ҳайвонлар, қироллар, қироличалар ва ривоятлар қаҳрамонлари оти билан аташган. Кейинчалик қадимги юнонлар Бобилда қарор топган номларни Геркулес, Орион, Персей каби ўз қаҳрамонлари номи билан ўзгартиришган. Бунга қадимги римликлар ҳам ўз ҳиссасини қўшишган. Айни пайтда биз ҳам ўша кўҳна номларни ишлатамиз, лекин бу номлар англатган тимсолларни ҳар доим ҳам осонликча тасаввур қила олмаймиз. Масалан, Бургут, Кичик ва Катта Айиқ ҳамда Мезон буржлари ўз номларига унчалик мос келмайди.

Машҳур мунажжим Птолемей, тахминан, мелодий 150 йили ўзига маълум бўлган 48 та буржнинг рўйхатини тузган. Бу рўйхатга юлдузли осмондаги буржларнинг барчаси ҳам кирмаган, кўпчилик буржлар тушиб қолган. Шунинг учун ҳам олимлар кейинчалик Птолемей тузган рўйхатга қўшимчалар киритиб, уни кенгайтиришган. Кейинчалик кашф этилган буржларга илмий асбоблар номи берилган: Секстант, Компас, Микроскоп сингари. Бугунги кунда фанга 88 та бурж маълум.

Бурж осмоннинг маълум бир қисмини эгаллайди. Бунинг маъноси шуки, ҳар бир юлдуз, Америка Қўшма Штатларидаги маълум бир штатда жойлашган шаҳар каби, муайян буржда қўним топган. Бир вақтлар буржлар чегараси доимий бўлмаган ва синиқ ҳолда бўлган. Мунажжимлар 1928 йили буржлар чегараси тўғри чизиқдан иборат бўлиши учун уларни тўғрилашга қарор қилишди.