Байроқ нима ўзи? Бу матодан қилинган рамз ёки белгидир. Уни кўтариб юриш, силкитиш, ҳилпиратиш мумкин. Одатда, бирор бир байроқни кўтариб юрган ёки осиб қўйган кишилар ўзларининг муайян бир давлатга ёки ташкилотга мансуб эканлигини кўрсатадилар деб ҳисобланади.
Байроқ яратиш ғояси, шубҳасиз бундан минг йиллар муқаддам қадимги овчилар ва жангчилар орасида туғилган. Улар узларини душманлари ҳам, дўстлари ҳам олисдан танишларини истаганлар: айни пайтда улар ҳам ким келаётганлигига қараб ўзларича тайёргарлик кўрганлар, агар дўстлари келса қучоқ очиб кутиб олсалар, душманларни ҳарбий тайёргарлик билан қаршилаганлар. Шунинг учун илк байроқлар ҳайвонларнинг терисидан ёки қушларнинг патларидан ясалган.
Қадимги Мисрда аскарлар узун хода кўтариб юрганлар, ушбу ходанинг тепасига эса муайян қушнинг ёки ҳайвоннинг, ё бўлмаса бирор нарсанинг тасвири туширилган. Матодан тайёрланган биринчи байроқлар хитойликларда ва ҳиндларда пайдо бўлган. Масалан, хитойларда матодан тайёрланган байроқлар эрамиздан аввалги 1100-йилларда ҳам мавжуд бўлган деб ҳисобланади. Рим аскарлари ҳам дастлаб ходаларга ўрнатилган турли ҳайвонларнинг тасвирини кўтариб юришган. Кейинчалик уларда ҳам матодан қилинган байроқлар пайдо бўлган.
Ўрта асрлар мобайнида Европада ҳам байроқлар кенг тарқалди. Диний мазҳаб урушлари даврида салбчиларнинг ҳам ўз байроқлари бор эди. Қирол оилалари ва аслзодаларнинг ҳам ўз байроқлари мавжуд эди. Бу байроқларда улар насабининг рамз ва белгилари ифодаланган.
Энг қадимий давлат байроғи, шубҳасиз, қизил матога оқ хоч (крест) тасвири туширилган Дания байроғидир. Мавжуд ривоятларга кўра у 1219 йилда пайдо бўлган.