Баньян улкан дарахтлар қаторига киради. Маълумки, табиатда мавжуд барча йирик нарсалар ноқулай вазиятларга тушиб қолади. Дарахтлар ҳам бундан истисно эмас. Масалан, нам ва озуқа моддаларининг йўғон дарахтлар танаси бўйлаб юқорига кўтарилиши қийин бўлади. Шу билан биргаликда, уларнинг танаси синиб кетмаслик учун мустаҳкам, тўғри бўлиши, унчалик узун бўлмаслиги керак. Бундай дарахтга энли шох-шаббаларнинг залворли юкини кўтариш учун йўғон тана керак бўлади. Агар шохлар ҳаддан ташқари узун ва оғир бўлиб кетса, кейинчалик дарахтни у ёки бу томонга оғдириб қулатиб юбориши ҳам мумкин.
Ҳиндистон ва Малайзияда ўсадиган улкан баньян дарахти бу муаммони ўзига хос йўл билан ҳал эта олган.
Бу дарахтнинг энг қизиқ жиҳати шохларининг ўсишидир. Сон-саноқсиз ва оғир шох-шаббалар дарахтнинг бақувват танасидан турли томонларга қараб тарвақайлаб кетади. Албатта, тана, мустаҳил равишда бундай шох-шаббаларни кўтара олмайди. Ҳамма бало шундаки, шохлар оғирликнинг бир қисмини ўз зиммасига олади. Ҳар бир шохдаги ергача тик осилиб тушадиган қалин бутоқ баньяннинг ҳаводаги илдизларидир.
Дастлаб калта бўлган бутоқлар йиллар ўтиши билан ўсиб боради ва ниҳоят ерга тегади. Ерга маҳкам ўрнашиб олган бутоқлар шохларга қўшимча ёрдам берибгина қолмасдан, озуқа моддалари ва сув билан таъминлаб туради. Аста-секин улар янги таналарга айланади ва натижада баньян бўйи баробарида энига ҳам ўса бошлайди. Ниҳоят бош тана атрофида юмалоқ «айвон» ҳосил бўлади, уларнинг диаметри баъзида 450 метргача етади.
Қизиғи шундаки, ёғингарчиликлар пайти пана жой вазифасини ўтайдиган бундай «айвонлар»да маҳаллий аҳоли бозор ташкил этади ёки мажлислар ва бошқа ижтимоий тадбирларни ўтказади. Бундан ташқари, дарахтнинг силлиқ ҳаво илдизларидан узун ва текис ходалар олинади, уларнинг толасидан пишиқ арқонлар эшилади.
Дарахт улкан ўлчамга эга бўлишига қарамасдан, меваси майда ва ёрқин қизил рангда бўлади. Одамлар уни емайди, аммо қушлар ва кўршапалаклар хуш кўриб, истеъмол қилишади.