Атмосферадаги «парник» эффекти ёки иссиқликнинг тўпланиши нима?

Ерда ҳаёт мавжуд бўлиши учун энг зарур қувват манбаи Қуёш радиацияси — Қуёшнинг Ер атмосферасига кириб келувчи электромагнит нурлари ҳисобланади. Қуёш энергияси фасллар алмашуви билан боғлиқ барча атмосфера жараёнлари, шунингдек, об-ҳаво шароитлари ўзгариши сабабчисидир.

Қуёш энергиясининг ярмига яқини биз Қуёш нурлари деб тушунадиган спектрнинг кўзга кўринувчи қисмидир. Бу радиация атмосферадан эркин ўтиб келади, уни қуруқлик ва океанлар юзаси ютади ва исийди. Аммо Қуёш радиацияси минг-минглаб йиллар давомида ҳар куни Ер юзасига тушиб туради. Нега унда Ер қизиб кетмайди ва кичик бир Қуёшга айланиб қолмайди?

Ҳамма гап шундаки, Ер ҳам, сув юзаси ҳам ўзидан бошқа бир шаклда энергия тарқатади: кўзга кўринмас инфрақизил нур ёки иссиқлик чиқаради. Ўртача олганда, Ерга Қуёш нури сифатида қанча энергия келса, космик фазога инфрақизил нур сифатида шунча қувват чиқиб кетади. Шундай қилиб, сайёрамизда иссиқлик мувозанати ҳосил бўлади. Ҳамма гап айнан қандай температурада мувозанат сақланиб туришидадир. Агар атмосфера бўлмаганида Ер юзасидаги ўртача температура -23 даражани ташкил этган бўларди. Атмосферанинг Ер юзасидаги инфрақизил нурларни ютадиган ҳимоя воситасига эга экани амалдаги ўртача температуранинг +15 даражада бўлишини таъминлайди. Температуранинг кўтарилиши атмосферада «парник эффекти» ёки иссиқлик тўпланиши билан боғлиқ. Атмосферада карбонат ангидрид гази ва сув буғлари кўпайиши билан у ҳам кучайиб боради. Бу газлар инфрақизил радиацияни яхши ютади. Бундай жараён кичик бир кўринишда оддий полиз теплицасида ҳам рўй беради. Унда газларни ютувчи нарса вазифасини Қуёш нурини тўсиқсиз ўтказадиган шаффоф плёнка бажаради, аммо у пастдан юқорига йўналган тупроқ ҳароратини яхши ўтказмайди.

Кейинги йилларда атмосферада карбонат ангидрид гази концентрацияси тобора кўп йиғилиб қолмоқда. Бунинг сабаби қазиб олинаётган ёқилғилар ҳамда ёғочнинг йилдан-йилга кўплаб ёқилаётгани билан боғлиқ. Бунинг оқибатида Ер юзасидаги ҳавонинг ўртача ҳарорати ҳар юз йилда 0,5 даража кўтарилиб бормоқда. Агар келгусида ҳам ёқилғи ёниши ва ҳавода парник газлари концентрациясининг ошиш суръати сақланиб қолса, айрим ҳисоб-китобларга кўра, янги асрда иқлим янада исиб кетиши мумкин.