Нега ернинг озон «кўйлаги» йиртилиб бормоқда?

Ер юзасидан 20—25 км баландликдаги стратосферада озон қатлами жойлашган. У барча тирик мавжудотни коинотдан келаётган зарарли нурлардан ҳимоя қилади. Агар озон қатлами бўлмаганида, Қуёш бутун сайёрани куйдириб юборган бўлар эди. Энди озон «кўйлаги» тўсатдан йиртила бошлаганини тасаввур қилиб кўринг…

Кейинги пайтларда озон қатламида туйнуклар пайдо бўла бошлади. Албатта, қатламнинг юпқалашиб қолган ерларини ҳалитдан йиртиқлар деб бўлмайди, аммо у инсониятга бахт келтирмаслиги аниқ. Мутахассислар озон қатламидаги бир туйнук Жанубий қутб, бошқа кичикроғи эса Арктикада, Шпицберген устида пайдо бўлганини қайд этишди.

Хўш, туйнуклар нега пайдо бўлади? Уларни аэрозолли қадоқлашда, холодильник ва кондиционерларда фойдаланиш натижасида атмосферага чиқадиган хлорли ва фторли углеводородлар ҳосил қилади. Бу газлар Ер стратосферасига кўтарилиб, у ерда узоқ муддат сақланиб қолади ва аста-секин озон қатламини килограммлаб, тонналаб емира бошлайди. Озон қатламининг емирилиши даҳшатли оқибатларга олиб келади: атмосферада фильтрланмай Ерга етиб келган ультрабинафша нурлар ўсимликлар, денгиз майда жониворларини (масалан, денгизда яшовчи кўпгина катта жониворлар учун озуқа бўлган планктонларни) қира бошлайди. Энг асосийси, одамлардаги турли касалликларга, шу жумладан, тери ракига сабабчи бўлади.

Инсоният бошқа ишқорли ёмғирлар ва парник эффекти сингари унча йирик бўлмаган муаммолардан фарқли ўлароқ, озон туйнуклари масаласида бир тўхтамга кела олди. Бугунги кунда, гарчи ҳамма мамлакатлар қўл қўймаган бўлсада, 1998 йилга бориб озон кушандаси бўлмиш хлорли ва фторли углеводородлардан фойдаланишни тақиқлаш тўғрисидаги Халқаро битим амал қилмоқда.