Артезиан қудуғи нима?

Ер ости сувлари артезиан қудуғидан худди гейзердан отилгани сингари отилиб чиқади. Унинг номи Франция шимолидаги Артуа деган жой оти билан боғлиқ. У ерда бундан 800 йил бурун худди шундай илк қудуқ қазилган эди.

Артезиан қудуқлари мавжуд бўлиши учун маълум шароит талаб этилади. Бунинг учун, аввало, сувни ўтказмайдиган тоғ жинсларидан иборат иккита қатлам ўртасида ғовак тош ёки қумли қатлам бўлиши керак. Бундай ғовак қатламнинг қаердадир ер юзасига чиққан жойи ҳам бўлиши лозим. Негаки, у ёмғир ва қорларни шимиб олиши, шу тариқа сув пастга, сув ўтказмайдиган қатламлар ўртасига эниши зарур.

Кучли босим остидаги сув, бир кун келиб, уни инсон озод қилмагунча, қамалиб ётади. Сувнинг юқори қисмидаги қаттиқ қатлам бир неча сантиметр катталикда тешилгач, қамалдаги сув катта куч билан юзага отилиб чиқади.

Қадимги мисрликлар ва хитойликлар ҳам артезиан қудуқлар қазишган. Қадим замонларда Европадаги айрим қудуқлар олти-саккиз йил давомида қазилган. Замонавий техника эса осон ва тезда бунинг уддасидан чиқади.

Жанубий Дакотанинг Эжмонта минтақасида 915 метрлик артезиан қудуғи ҳар куни, тахминан, 4 миллион литр сув беради. Бундай чуқурликдан Ер юзасига чиқадиган сувнинг температураси Цельсий шкаласи бўйича 37 даражани ташкил этади. Ушбу минтақадаги бошқа бир қудуқдан ундан ҳам иссиқроқ сув чиқади.