Алeксандр Макeдонский ким бўлган?

Филипп 2 Македонский вафотидан кейин (эрамиздан аввалги 336 йил) унинг 20 ёшли ўғли Александр тахт вориси бўлиб қолди. Шарқ халқлари орасида у Искандар Зулқарнайн номи билан машҳур. Тахтга ҳеч ким даъво қилмаётганлигига ишонч ҳосил қилгач, эрамиздан аввалги 334 йилда у Кичик Осиёга бостириб киради. Александр бошданоқ Форс империясини забт этишни ният қилганмиди-йўқми, маълум бўлмасада, кейинчалик бу иш унинг мақсадига айланганди.

Унинг армиясининг асосий қисмини 12 минг македониялик ва 12 минг юнонлар ташкил қиларди. Александрга садоқатли қўшинлар яхши машқ қилдирилганди. Қўрқув билмас саркарда бўлган Александр қўшинни жангга ўзи бошлаб борарди. Кўп бора унга ўлим хавф солганди.

Форс шоҳи Дарёвуш 3 унга нисбатан тажрибасиз лашкарбоши эди. Форслар ҳарбий юришларга катта карвонни ва ҳатто шоҳ хонадонидаги аёлларни ҳам олиб юришарди. Даропарда (чодир), мол-мулк ва бошқа зеб-зийнат буюмлари тез ҳаракат қилишга халал берарди.

Македонияликлар армийси эса, аксинча, аъло даражада машқ кўрган ва доим жангга ҳозир эди. Македонияликлар қўшинининг даҳшатли фалангалари (сафлари) душман аскарлари қаторини ёриб ўтишга мўлжалланганди. Душман ҳужум қилган ҳолатларда эса улар мудофаага ҳам ўтиши мумкин эди. Фаланганинг олд қаторларидаги аскарлар сариссалар олиб юришар, уларнинг ортидан келаётганларни эса отиладиган снарядларни қайтариш учун қалқон кўтариб юришарди.