Лорд Байрон
Байрон ўта таъсирчан ва эҳтиросли бўлган. У ҳис-туйғуларини жамлай олмагани сабаб телбалик касалига дучор бўлган. Буюк шоир тўладан келган, оқсоқланиб юрадиган, аммо жуда эҳтиросли ижодкор бўлган. Баъзи манбаларга кўра, Венецияда бир йил давомида яшаган чоғида икки юздан зиёд аёлга муҳаббат изҳор қилишга улгурган.
Чарльз Диккенс
Одамларни гипноз қилиш Диккенснинг севимли машғулоти бўлган. У ўзининг гипнозга оид қобилияти ва машғулотларини хотинида синаб, уни уйқусизлик касалидан даволашга ҳаракат қилади. Таниқли ёзувчи ҳамиша шимолга қараб ухлаш ва ёзишни одат қилган.
Лев Толстой
Лев Толстой умр йўлдоши София Берс билан турмуш қурар экан, тўйининг биринчи кунидаёқ ўз кундалигини хотини қўлига тутқазади. Турмуш қуришидан илгари бўлиб ўтган ишқий муносабатларини хотинидан яширмаслик учун шундай қилади.
Франц Кафка
Франц Кафка бир мунча муддат суғурта компаниясида котиб вазифасида ишлаган. Ҳаётда у оддий, шу билан бирга омадсиз ҳам бўлган. Умри давомида бир неча ҳикоялар чоп эттиришга улгуради, аммо улар адибга шуҳрат келтирмаган. Вафотидан олдин дўсти Макс Бродга барча қўлёзмаларини йўқ қилиб юборишни васият қилади. Аммо Макс аксинча қўлёзмаларни нашрга беради. Шу тариқа Кафка вафотидан сўнг машҳур ёзувчи сифатида танилади.
Агата Кристи
Агата Кристи биринчи жаҳон уруши даврида ҳарбий госпиталда ҳамшира бўлган. Орадан бир қанча вақт ўтиб, дорихонада ишлайди. Кристи ҳар қандай заҳарни бир қарашдаёқ ажрата олган. Негаки, унинг детектив асарларидаги кўплаб жиноятчилар заҳардан фойдаланиб қотиллик содир этишган. Агата Кристи қўли билан ёза олмайдиган дисграфия касалига дучор бўлгани боис асарларини айтиб ёздирган.
Инглиз тилидан Умида Маҳмудова таржимаси.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 4-сонидан олинди.