Бир, икки, уч, тўрт, беш, олти, етти, саккиз, тўққиз… Шу сўзларни эшитганда нима эсингизга келади? Мен бу сўзларни эшитсам, уларнинг ёзувдаги ифодаси — рақамларни бир-бир кўз олдимга келтира бошлайман: 1, 2, 3, 4, 5, 6, 7, 8, 9… «Бир» деганда илк белги — рақам хаёлимда чархдай айланаверади.
«Икки» деганда эса қадди-қомати кобра илонга ўхшаб, бошини эгиб, олдидан дуч келганни чақишга шай турган олифта рақамни ўйлайман. Нега «уч» деганда 7 рақамини кўз олдимизга келтирмаймиз? Бунинг сабаби нимадалигини биласизми?
Аслида тарих силсиласидан ҳозиргача ҳеч нарса ўз-ўзидан бус-бутун етиб келавермас экан: у кучли бир асосга эга бўлмоғи, нимагадир асосланиши керак экан, чоғи. Биз ҳар куни, керак бўлса, ҳар дақиқа ишлатадиган рақамлар ҳам юз йиллар давомида етиб келди. Эътибор берсак, қадимдан қолган осори атиқалар қатори мана шу рақамлар тарихи, ёзилиши ҳам кўпчиликни қизиқтириб келган. Ҳатто ўтган асрнинг тиниб-тинчимас, шоввоз олиму фузалолари рақамлар устида тадқиқотлар ҳам олиб борганди. Натижада рақамлар «тақдири», тузилиши ҳақида ҳар ким турли хил талқинни илгари сурди — кимдир «хосиятли ва хосиятсиз» рақамларни бирма-бир санаб, қайд этди. Кимдир бу рақамларнинг ўзига хос бошқа хусусиятлари борасида янгиликни кўтариб чиқди.
Буни қарангки, бир гуруҳ олимлар рақамлар устида яна бир қизиқ тахминни илгари суришган. Манбаларда айтилишича, бизга «рим рақами» дея уқтирилган бу сонлар аслида илк бор қадим Ҳиндистон аҳолиси томонидан кенг истеъмолга киритилган экан. Ҳинд халқи анойи эмас-да, бу рақамларни ишлата бошлар экан, уларни бир-биридан адаштириб юбормасликнинг турли йўлларини қидиришган кўринади.
Дастлаб рақамлар устига махсус белгилар ҳам қўйишгани, бу унчалик қулай бўлмагач, қандайдир чизиқлар қўйиб фарқлагани тўғрисида маълумотлар ҳам йўқ эмас. Лекин барибир чалкашиш ҳолатлари кузатилган экан. Ниҳоят бир неча ақллироқлари бошдан дўппини олиб, кенгашган шекилли, кутилмаганда жўяли бир чорасини топишади: улар рақамларни бурчагига қараб фарқлашни ўйлаб топади! Ўша рақамлар эса даставвал суратдагидай кўринишга эга бўлган.
Энди олимларнинг фикрига қайтсак, бунинг қанчалик ҳақиқатга тўғри келиш-келмаслигини рақамларнинг бурчагини санаб чиқсак, уларнинг сони айни ўша рақам қийматини бериши ва олимларнинг бу тахмини ҳақиқатдан узоқ эмаслигига амин бўламиз. Тўғри, ҳозирги пайтга келиб айрим рақамлар, хусусан, етти билан тўққиз рақамининг шакл-шамойили бирозгина бўлса-да, ўзгарган. Аммо бу дегани ушбу тахминлар нотўғри деган хулосани бермайди.
Нима бўлганда ҳам биз шуни эътироф этишимиз ва тан олишимиз керакки, ҳақиқатан ҳам тарих силсиласидан унча-мунча нарса ўз кўринишини ўзгартирмасдан келмайди. Ким билади, балки бундай нарсаларнинг фақат бирор нарсага асосланганларигина бизгача етиб келгандир, холос? Рақамлардан ташқари яна қанчадан-қанча нарсаларда ҳам бундай асослар мавжуддир, улар рақамлар цингари ўз кашфиётчиларини кутиб ётгандир?!
Жасур Кенгбоев