Бернард Шоунинг олдига омади чопмаган баскетболчи келди ва дабдурустдан ёзувчи бўлиш учун нималар қилиши кераклигини сўради. Унинг романи қўлёзмасини ўқиб чиқиб, Шоу деди:
– Сиздан нима учун баскетболчи чиқмаганлигини энди тушундим.
– Нима учун?
– Сиз ўз вақтида саватга ташлашни билмас экансиз.
* * *
Велосипед ҳайдовчиси йўлда Бернард Шоу билан тўқнашиб кетди. Иккалалари ҳам қўрқиб кетишди. Ҳайдовчи астойдил узр сўраган эди, Шоу эътироз билдириб деди:
– Омадингиз келмади-да, жаноб. Яна жиндай куч сарфлаганингизда, менинг қотилим сифатида тарихда қолардингиз.
* * *
Бернард Шоунинг ҳузурига ёш драматург келди ва ўзининг охирги пьесаси билан танишиб, фикр билдиришини сўради.
Эртасига Шоу деди:
– Бунақа нарсаларни ёшингиз улғайиб, таниқли бўлиб кетганингизда ёзсангиз бўлади. Унгача яхшироқ нарсалар ёзиб туришингизга тўғри келади.
* * *
Тунда ижод қилаёган Бальзак қўшни хонадан шовқин эшитди. Маълум бўлишича, уйга ўғри тушган экан. Уни тутиб олган ёзувчи деди:
— Муҳтарам ўғри, бу ерда арзигулик бирор нарса топаман десангиз, хато қиласиз… Лекин, менинг сизга ёрдам берганим бўлсин. Сиз каттагина нарсани қўлга киритишингиз мумкин бўлган жой ҳам узоқ эмас: қўшни кўчада менинг ноширим яшайди.
* * *
Бир одам Пушкинни мот қилиш ниятида ундан сўради:
— Мен билан қуёш ўртасида қандай ўхшашлик бор?
Шоир ўйлаб-нетиб ўтирмай жавоб қилди:
— Сизнинг башарангизга ҳам, қуёшга ҳам пешонани тириштирмасдан қараб бўлмайди.
* * *
Пушкин журналларнинг биридан шеъри учун тўланадиган қалам ҳақини юборишини сўраб, ноширга ёзма равишда мурожаат қилди.
Жавоб хатида ношир сўради: “Пулни қачон олмоқчисиз, душанбами ёки сешанба, икки юз сўмнинг ҳаммасини бир йўла жўнатайликми ёки ҳозирча юз сўминими?
Пушкин жавоб қайтариб юборди: “Душанба сешанбадан олдин келиши билан, икки юз эса юздан кўплиги билан яхшироқ”.
* * *
Ҳенрих Ҳайне дейди:
— Онам болалигимда шеърлар ўқиб берарди, мен шоир бўлдим. Амакиваччам Сулаймоннинг онаси фақат қароқчилар ҳақида китоб-лар ўқиб берарди, у банкир бўлди.
* * *
Маълумки, Михаил Зошченко ҳикояларини саҳнада яхши ўқиб кўпчиликка манзур қилиш камдан-кам актёрларга насиб этган. Аммо, ёзувчи асарларининг халқ орасида оммалашгани ва улардаги ўзига хос юмор кўпчилик ижрочиларнинг эътиборини тортган.
Зошченко ҳикояларини ўз репертуарига киритишга чоғланаётган ижрочилардан бири ёзувчидан сўради:
— Тингловчилар орасида муваффақият қозониш учун ҳикояларингизни қандай ўқишим керак?
— Овоз чиқариб, — жавоб берди Зошченко.
* * *
Оксфорд университетининг ўқитувчиси Керол иш орасида “Алиса ажойиботлар мамлакатида” номли эртак ёзади. Англия қироличаси бир кун ана шу эртакни ўқиб, ниҳоятда таъсирланади ва Керолнинг бошқа асарларини ҳам зудлик билан сотиб олишни буюради. Лекин, Керолнинг бошқа барча китоблари олий математика бўйича эканлигини кўрганда қиролича баттар ҳайратга тушади.
* * *
Америкалик бир йирик молиячи матбуот байрамида ўз хаёллари билан банд бўлган Бернард Шоу билан учрашиб қолибди.
– Сизнинг нима ҳақда ўйлаётганингизни билиш учун, жаноб Шоу, мен бир доллар беришга розиман, – дебди у.
– Э-э, менинг ўйларим бир долларга арзимайди, – жавоб берибди драматург.
– Қандай бўлганда ҳам, – ковлаштиришни давом эттирибди молиячи,– нима ҳақда ўйлаётган эдингиз?
– Сиз ҳақингизда,– мамнун жавоб берибди Шоу.
* * *
Афинада бир куни кечки овқатланишга йиғилганлар бир созанданинг ёмон чалаётганидан норози бўлишибди. Фақат Диогенгина уни астойдил мақтабди.
– Мен уни мақтайман,–тушунтирди файласуф,– шунинг учунки, унчалик яхши чалмаса ҳам умид билан соз кўтариб юрибди, ҳар қалай чаляпти, ўғри бўлиб кетмаяпти.
* * *
Петербург ҳарбий-тиббиёт академиясида таниқли рус шифокори Сергей Петрович Боткин ҳузурига бир талаба имтиҳон топшириш учун учинчи марта келибди. Маърузаларга ҳам, амалий машғулотларга ҳам қатнашмаган бу йигит бирорта ҳам саволга жўяли жавоб айтолмабди. Боткин бу гал ҳам уни қувиб солибди. Бироздан кейин профессорнинг ҳузурига дангаса талабанинг дўстлари ташвишланиб кириб келишибди. Улар талаба навбатдаги муваффақиятсизликдан жуда асабийлашаётганини, ўзини ўлдириш ҳақида ўйларга бораётгани, юрагига пичоқ санчмоқчи бўлиб қўрқитаётганини айтишибди.
–Ташвишланманглар, – дея уларни тинчлантирибди Боткин. –Дўстингиз инсон танасининг тузилишини билмайди. У юрагини тополмайди.
* * *
Буюк француз ёзувчиси Виктор Гюго бир куни янги чоп этилган китобининг сотилиши қандай эканлигини билиш учун ноширга мактуб йўллабди. Номада биргина савол аломати қўйилган эди. Ношир ҳам топқирликда адибдан қолишмаслигини намоён этиб, аниқ жавоб йўллади: “!”
* * *
Бир куни Ньютон дўстини тушликка таклиф этибди-ю, иш билан овора бўлиб хаёлидан кўтарилибди, тушликни бир кишилик олиб келишибди.
Меҳмон келса столда тушлик тайёр турибди, олим эса ҳисоб-китоблар билан банд. Ньютонни безовта қилгиси келмай ўзи овқатланиб кетаверибди.
– Қизиқ, – депти Ньютон бирор соатлардан кейин бўш идишларни кўриб. –Агар мана шундай шубҳага ўрин қолдирмайдиган далиллар бўлмаганда мен бугун тушлик қилмадим, деб ўйлашим мумкин эди.
* * *
Бир куни юнон донишманди Диогендан сўрашибди: Кимнинг кўзи ўткир?
– Ҳасадгўйнинг кўзи, – жавоб берибди донишманд, – чунк иулар сенда йўқ нарсани ҳам кўришади.
* * *
Машҳур қадимги юнон масалнависи Эзоп, маълумки қул бўлган. Бир куни уни хўжайини қандайдир арзимас иш билан шаҳарга юборибди. Йўлда Эзопга қози дуч келибди ва сўрабди:
– Қаёққа кетяпсан?
– Билмайман, –жавоб берибди Эзоп.
Бундай жавоб қозига шубҳали туюлибди ва Эзопни зиндонга олиб борибди.
– Мен чиндан ҳақиқатни айтгандим, – эътироз билдирибди Эзоп. –Ҳақиқатдан ҳам зиндонга келишимни билмагандим.
Қози кулибди ва уни қўйиб юборибди.
* * *
Бир ўғри машҳур юнон нотиғи Демосфеннинг уйига ўғирликка тушибди. Кимнинг уйини урганлигини билгач, қайтиб келиб хонадон эгасидан узр сўрабди.
– Сенинг уйинг эканлигини билмаган эдим, – дебди у ўзини оқламоқчи бўлиб.
– Сенинг уйинг эмаслигини ҳам билмаганмидинг? –сўрабди Демосфен.
* * *
Инглиз ёзувчиси Шеридан овни яхши кўрар, бироқ ҳар гал овдан қуруқ қўл билан қайтарди. Кунлардан бир куни у ҳовуз бўйида ўрдакларни кузатиб турган кишини кўрди.
– Мен уларни отсам, қанча тўлашим керак? – сўради Шеридан. –Беш крон берсам бўладими?
Ҳовуз бўйидаги киши аввал таажжубланди, кейин бош силкиб розилик билдирди.
Шеридан унга пулни берди ва отди. Отилган ўрдакларни халтасига жойлар экан Шеридан деди:
– Менимча, биз бугун сиз билан анча манфаатли иш қилдик.
– Айниқса мен, –кулди нотаниш киши. –Чунки, ўрдаклар меники эмас-да.
* * *
Кунлардан бир куни қадимги юнон файласуфидан шогирдлари сўрашибди:
– Устоз, сиз нима учун саволларга жавоб бературиб шубҳаланиб турасиз? Бизга улар аниқ ва тиниқдек туюлади. Сиз биздан кўра кўп нарсани биласиз-ку.
Файласуф қумга иккита катта ва кичик доира чизибди ва дебди:
– Катта доира менинг билимларим, кичиги сизларники. Аммо, доирадан ташқаридагиси менга ҳам, сизларга ҳам маълум эмас. Ўз билимингизни ошириб бориш учун доимо шубҳаланинг.
* * *
Кунлардан бир куни машҳур масалнавис Криловдан ажойиб қобилият эгаси бўлатуриб нима учун бунча кам ёзиши сабабини сўрашибди.
– Нима учун ёзасиз ўзи, деб сўраганларидан кўра, нима учун кам ёзасиз, деб сўраганлари яхши-да, – жавоб берибди Крилов.
* * *
Бир бошловчи рассом машҳур мусаввир Бёклинга маслаҳат сўраб, мурожаат қилди. У яратаётган асарларига харидорларнинг камлигидан шикоят қилибди.
– Биласизми, – деди у Бёклинга, – мен расмни икки-уч кунда чизиб ташлайман, сотилишига эса икки-уч йил вақт кетади.
– Аксинча қилишга ҳаракат қилиб кўринг. Асар устида икки-уч йил ишласангиз, эҳтимол, у икки-уч кунда сотилиб кетар.
* * *
Ёшлик йилларида буюк рус физиологи Иван Павловнинг эгнидаги анча уринган эски костюмни кўрган дўстлари янги костюм олиш учун бир оз пул тўплаб беришибди.
– Раҳмат, дўстлар! –дебди Павлов миннатдор бўлиб.
Эртасига ёш олим лабораторияга кўзлари ёниб, узун арқонда боғланган ҳар хил зотли итларни етаклаб кириб келибди.
– Сизлар у пуллар менга қанчалик асқотганини тасаввур ҳам қилолмайсизлар. Энди тажрибаларини анча кенг қўйиш мумкин… Костюм?.. Қўйсанглар-чи! Эскиси ҳали анчага етади…
* * *
Америкалик буюк электротехник Томас Эдисон мунтазам равишда нималарнидир ихтиро қилиб юриши билан машҳур эди. Бир куни унинг дала ҳовлисида меҳмон бўлган дўстларидан бири ҳовлига кираверишдаги кичкина эшикнинг очилиши қийин бўлганлигидан нолиди.
– Уни очиш учун бор кучимни сарфлашимга тўғри келди, – деди у.
–Тушунарли, –деди Эдисон, – лекин, кучингиз бекор кетгани йўқ. Сиз ўша эшикни очиш билан томдаги сув идишга ўттиз литр сув кўтардингиз.
* * *
Бир аёл таниқли ёзувчидан Франсуаз Саганнинг сўнгги романини ўқиган-ўқимаганлигини сўради.
– Сиз шошилишингиз керак, – деди у рад жавобини эшитгач. –Романнинг чоп этилганига уч ой бўлди.
– Сиз Дантенинг “Илоҳий комедия”сини ўқиганмисиз? –ўз навбатида сўради ёзувчи.
– Йўқ.
– Унда шошилинг: унинг нашр этилганига олти юз йил бўлди.
* * *
Бир ўртамиёна, лекин ўзини истеъдодли деб ҳисоблайдиган мусиқачи буюк венгер композитори Ференц Листнинг ҳузурига келиб асарлари билан танишиб фикр билдиришини сўрабди. Кўриб чиққанларини муаллифга қайтарар экан, Лист дебди:
– Сизнинг асарларингизда кўп ажойиб ва кўп янги нарсалар бор.
– Сиз шундай, деб ҳисоблайсизми, –мамнун жилмайибди мусиқачи. Аммо Лист унинг гапини бўлибди:
– Лекин, афсуски, ажойиблари янги эмас, янгилари ажойиб эмас-да!
Рус тилидан Ҳабиб Сиддиқ таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил, 9-сон, 2010 йил, 5-сон.
* * *
Бернард Шоу кутубхонасидаги бир китобни дўстига кўрсатаркан, шундай дейди:
– Ушбу китоб дунёдаги энг ноёб китобдир, уни ўқишга сўраб олиб, қайтариб беришган!..
* * *
Бернард Шоу кўчада бир семиз киши билан учрашиб қолади. У одам қотмадан келган Шоуни масхаралаб гап қотади:
– Сизни кўрган одам Англияда очлик экан деб ўйлайди.
– Сизни кўрган одам эса ана ўша очликнинг сабабчиси бўлса керак деб ўйлайди.
* * *
Машҳур юнон файласуфи Суқротдан шогирдлари сўрашибди:
– Никоҳ кўнгилдагидек бўлиши учун қандай шартлар керак?
– Бунинг учун икки нарса керак,– дебди Суқрот, – эр кар, хотин сўқир бўлиши керак.
* * *
Афина диктатори Лисистратга хотини иддао қилиб деди:
– Нега қизимизни кўпчиликнинг олдида ошкора ўпган йигитни ўлимга буюрмадинг?
– Агар бизни яхши кўрадиганларни ҳам ўлимга буюраверсак, унда бизни ёмон кўрадиганларни нима қиламиз?
* * *
Альберт Эйнштейн Чарли Чаплиннинг фильмларини яхши кўрар, бу актёрга ихлоси баланд эди. Кунлардан бир кун у актёрга шундай мактуб битади: «Сизга қойилман, санъатингиз ҳаммага тушунарли, Сиз келажакда буюк одам бўласиз.Эйнштейн».
Орадан кўп ўтмай жавоб хати келади: «Мен эса Сизга қайта-қайта қойил қоламан.Сизнинг нисбийлик назариянгизни жаҳонда камдан-кам одам тушунади, лекин барибир Сиз улуғ одамсиз.Чаплин.»
* * *
Машҳур рус кимёгари Бекетов ўз хонасида ишлаб ўтирганда хизматкори ҳовлиқиб киради:
– Николай Николаевич! Кутубхонангизда ўғрилар юришибди.
Паришонхотир олим аранг бошини кўтариб сўрабди:
– Улар қандай китобларни ўқишяпти?
* * *
Инглиз қироли Генрих VIII француз шаҳзодаси Франсисга элчи орқали нохушроқ бир хабарни юбормоқчи бўлади. Шаҳзоданинг қаҳри қаттиқлигини яхши билгани учун элчи бундай совуқ хабарни етказишга рағбат билдирмабди.
– Сиз қўрқманг, – дебди қирол. – Агар француз қироли мабодо каллангизни олгудай бўлса, мен Англиядаги ҳамма француз элчиларининг калласини оламан.
– Бу чиндан ҳам шоҳона ҳиммат, – дебди элчи, – лекин у каллаларнинг биронтаси менинг елкамга тўғри келармикан?
* * *
Рус поэзиясининг қуёши Пушкин бир куни журнал ноширига хат йўллаб, ўзига тегишли қалам ҳақини сўрайди.Шоирга ёзилган жавоб хатида шундай саволлар бор эди: «Пулни душанбада олганингиз қулайроқми ёки сешанбами? Икки юз сўмнинг ҳаммасини биратўла олмоқчимисиз ёки олдин юз сўми ҳам кифоями?»
Шоирнинг жавоби қисқагина эди:
«Душанба сешанбадан яхши, икки юз сўм эса юз сўмдан яхши».
* * *
Француз қироли Людовик XIV шеър машқ қилиб турар ва уларга баҳо беришни фақат Буалога ишонаркан. Қиролнинг навбатдаги бемаза шеърларини ўқиган Буало қалтис фикрини шундай ифодалаган экан: «Ҳазрат олийлари! Сизнинг қўлингиздан келмайдиган иш йўқ! Мана, бемаза шеър қандай бўлишининг бир кўрсатиб қўймоқчи бўлган экансиз, бу ишни қойилмақом қилиб уддалабсиз!»
* * *
Хемингуэй жуда ашаддий овчи бўлган. Бир куни ов саргузаштларидан ҳикоя қилаётганида тингловчилардан бири ногоҳ сўраб қолади:
– Мабодо одам қўлида ёниб турган машъала олиб юрса, биронта ҳам ҳайвон унга даф қилмайди, дейишади. Шу гап ростми?
– Бу нарса машъалани қандай тезликда олиб юришга боғлиқ,– дебди адиб.
* * *
Машҳур итальян қўшиқчиси Энрико Карузо чек билан катта миқдорда пул олиши керак экан.Аммо банкка келганида ёнида ҳужжати йўқлиги маълум бўлади.Ғазначи унга пул беролмаслигини айтади. Шунда қўшиқчи «Тоска» операсидан бир арияни ҳафсала билан ижро этади. Банк ходимлари ҳайратдан лол қолишади. Хижолат тортган ғазначи ҳам дарҳол пулни бериб юборади.
* * *
Кунлардан бир куни Бернард Шоуни кўчада велосипедчи туртиб юборади. Ҳеч ким жабр кўрмайди. Тўқнашув айбдори хижолат чекиб, узр сўраётганда кекса драматург унинг сўзини бўлиб, шундай дейди:
– Омадингиз чопмади-да. Сал жиддийроқ туртганингизда эди, менинг қотилим сифатида тарихда қолардингиз.
* * *
Енгилтакроқ бир шоир Абдураҳмон Жомий ҳузурида мақтаниб қолди:
– Кеча тушимда Хизр пайғамбар жаноблари оғзимга муборак тупугидан туфлади.
Жомий унга шундай жавоб қилди:
– Ҳизр пайғамбар аслида сенинг юзингга туфлаган. Оғзингни очиб турганинг учун тупуги оғзингга ҳам тушган бўлса керак.
* * *
Файласуф Суқрот бир бой билан ҳамроҳ бўлиб сафарга чиқибди. Ногоҳ улар қароқчиларга йўлиқиб қолишибди.
– Эй воҳ, мабодо улар мени таниб қолишса шўрим қурийди-ку! – дебди бой қўрқиб-қалтираб.
– Эй воҳ, улар мени танишмаса нима қиламан? – дермиш Суқрот.
* * *
Бир зиёфатда жаҳонга машҳур актриса Софи Лорен банк хўжайинининг хотини билан танишиб қолади.
– Ниҳоятда гўзал, келишган аёл экансиз. Бемалол кинода рол ўйнасангиз ҳам бўлар экан.
– Мен Софи Лоренман-да…
– Нима бўпти! Исми шарифингизни ўзгартирасиз-қўясиз!
* * *
Чарльз Дарвин бир куни ресторанда овқатланаётган эди, ёнидаги столда ўтирган хоним жаҳонга машҳур олимни таниб қолиб, унга гап қотади:
– Жаноб Дарвин, сиз доимо одам маймундан тарқалган дейсиз. Айтинг-чи, бу фикрингиз менга ҳам тегишлими?
– Албатта, сизга ҳам тегишли, – дея жавоб қилади олим,– фақат сиз оддий маймундан эмас, балки чиройли маймундан тарқагансиз.
қаларнинг қиёфасига киришга уста эди.
Кунлардан бир куни Чарли Чаплин у билан айланиб юрганда йўл четидаги катта қўнғизни кўриб қолади.
– Эҳтиёт бўлинг, – дейди Чаплин, – уни босиб олманг! Эҳтимол у қўнғиз қиёфасига кириб олган Лон Чанейдир.
* * *
Чарли Чаплин меҳмонхонадан чиқаётиб эшик оғасига йигирма франк чойчақа беради. У эса норози бўлиб минғирлайди:
– Ўтган гал сизнинг саломатлигингиз учун ичиб қўйишимни сўраб қирқ франк берувдингиз.
– Бу гал ўзимни анча яхши ҳис қиляпман,– дея жавоб қилади артист.
* * *
Машҳур драматург Бернард Шоу Нитше фалсафаси таъсирида «Мафусаилга қайтиш» деган пьеса ёзади. Асар кўригидан сўнг у томошабинларга эгилиб таъзим қилади. Шу маҳал кутилмаганда гулдурос қарсаклар баробарида юқоридаги ўриндиқда ўтирган бир томошабин жаҳл билан ҳуштак чалворади.
Шоу юқорига қарайди, қўлини чўзиб баланд овоз билан хитоб қилади:
– Мен ҳам шунақа фикрдаман, дўстим. Аммо иккимиз мана бу қарсакбозларга қарши нима ҳам қила олардик!
* * *
Кунлардан бир куни Тристан Бернар ҳаваскор бир драматургнинг пьесаси кўригида қатнашаётган эди.
Иккинчи кўриниш пайтида машҳур драматург ўтирган жойга муаллиф келиб сўрайди:
– Маэстро, сизга пьесам ёқяптими?
– Менга гўё ташқарида челаклаб ёмғир ёғаётганга ўхшаяпти.
– Тушунмадим, нега энди?
– Ахир шу пайтгача залдан ҳеч ким чиқмади-ку!
* * *
Машҳур рус артисти Александр Вертинский узоқ йиллар Ватандан айрилиқда яшаб, юртига қайтади.
Ўта ҳаяжонланган қўшиқчи вагондан тушиб, атрофига аланглайди… Перронга жомадонини қўйиб, эҳтирос билан хитоб қилади:
– О Россия! Бу ўзингмисан? Сени танимай қолдим.
Артист оппоқ рўмолчаси билан беихтиёр тўкилган кўз ёшларини артиб, жомадонини олиш учун энгашиб қараса…уни ўғри уриб кетибди.
Қўшиқчи маъюс оҳангда шивирлайди:
– Энди сени танидим, Россия…
* * *
Собиқ совет артисти Савелий Крамаров Американинг Лос-Анжелос шаҳрида яшаётганида Борис Сичкинга дўхтирлар кўзини операция қилганини, аммо ғилайлиги сақланиб қолганини айтиб ҳасрат қилади. Бир оқшом улар сайр қилиб юришганда Савелий дуч келган йўловчидан соат неча бўлганини сўрайди. Қўрқиб кетган йўловчи дар-ҳол соатини ва яна саксон долларини топшириб қочиб қолади.
– Савелий, – дейди шунда Сичкин, – дўхтирлар сенга яхшилик қилишган. Нью-Йоркка кўчиб ўт. Оқшомда сайр қилиб юриб икки марта соатни сўраб қўйсанг бас – бир ҳафталик тирикчилигингни ғамлаб олаверасан!
* * *
Машҳур француз актёри Жан Габен бир куни шундай деган эди:
– Агар сиз саёҳатга оёқлари келишган котибангизни ўзингиз билан бирга олиб кетаётган бўлсангиз ва атрофдагиларда у сизнинг хотинингиз деган таассурот қолдиришни истасангиз, жомадонларни кўтаришни унинг ўзига ҳавола қилинг. Сизларнинг эр-хотин эканингизга бундан зўр исбот бўлмайди!
* * *
Машҳур рус қўшиқчиси Фёдор Михайлович Шаляпин ҳамиша артистларнинг меҳнатини енгил деб ҳисобловчи кишиларни ёқтирмасди.
Кунлардан бир куни у Москва бўйлаб файтонда кетаётган эди, аравакаш тўсатдан сўраб қолади:
– Хўш, хўжайин, ўзлари нима иш билан шуғулланадилар?
– Мен… шу энди… қўшиқ айтаман.
– Мен буни айтаётганим йўқ. Нима иш қилишингни сўраяпман. Қўшиқни ҳамма айтаверади.
* * *
Машҳур итальян қўшиқчиси Карузо сафарга чиққанида машинаси бузилиб қолиб, бир фермернинг қўрғонига тушади.
Қўшиқчи ўз исмини айтганида фермер ўрнидан сакраб туради ва Карузонинг қўлини ҳаяжон билан қисиб, шундай хитоб қилади:
– Мен қачонлардир бир куни ўз уйимда машҳур саёҳатчи Робинзон Карузони кўрарман деб ўйламаган эдим!
* * *
Тосканинидан нега унинг оркестри таркибида биронта ҳам аёл киши йўқлиги ҳақида сўраб қолишади.
– Биласизми, – дея жавоб қилади маэстро, – хотинлар жуда ҳам халақит беришади. Агар улар чиройли бўлса – менинг мусиқачиларимга, хунук бўлса – менга халақит беришади!
* * *
Карузо уй сотиб олиб, таъмирлаш учун усталарни ёллайди. У ўзича қўшиқ ва арияларни хиргойи қилиб турганда хонага усталарнинг ишбошиси кириб келади:
– Мен бир дақиқага… Сиз ҳойнаҳой уйингизнинг тезроқ таъмирланишини хоҳласангиз керак?
– Албатта, – дея жавоб қилади Карузо.
– Ундай бўлса қўшиқ айтишни бас қилинг. Усталар қўшиғингизга андармон бўлиб ишлай олишмаяпти.
Шодмон Отабек таржимаси