Замонавий одамлар қўлда эмас, кўпроқ компютерда ёзишга интилишади. Янги технология воситаларини билганлар учун бу ниҳоятда осон ва қулай усул. Бир текисдаги ҳарфлар иш натижасини янада гўзалроқ қилиб кўрсатади. ХХ асрда ёзув машинкалари ва компютерлар кундалик ҳаётимизга шиддат билан кириб келди. Ёзиш ва нашр қилиш жараёнлари бир неча баравар осонлашди, тезлашди.
Бироқ вақт ўтиб билдикки, барибир, “табиий” ёзувнинг қадри юқори экан. Аммо тараққиёт ғилдираклари ҳар қачонгидан тез айланаётган вақтда қўлда ёзиш ҳақида гапириш ўринлими?
Хоҳлаганча ўзгартир, чоп эт
Бугунги кунда одамлардаги ҳаракатчанлик ва фаоллик 20-30 йил аввалги вақтларга қараганда анча юқори даражада. Турмуш тарзимиз, жамиятдаги айрим қонуниятларнинг ўзи шунга мажбур қилади. Разм солсангиз, ҳатто мактаб ўқувчиси ҳам “ишлари кўплиги” ҳақида гапиради.
Компютер – инсонларнинг ана шу кўпдан-кўп юмушлари қатори ёзув билан боғлиқ ишларини ҳам енгиллатган кашфиёт бўлди. Унинг вазифаси кўп: қоғоз-қалам, дафтар, ён дафтар, китоб, почта…
Компютерда ёзиш қулай. Унда хатоларни ортиқча оворагарчиликларсиз тузатиш мумкин. Бошқатдан ёзиш, кўчириб чиқиш ташвиши бу кенгликда мавжуд эмас. Ҳар ғижимланган қоғозга ҳам одам ачиниб ўтирмайди. Тез ёзиш қўлингиздан келса бўлгани, ишингиз бир зумда битади. Ҳарфларнинг шакли-шамойили, ҳажмини, матн кўринишини ўзингизга қулай тарзда ўзгартириб олаверасиз. Бир сонияда уларнинг бир неча тавсия этилган нусхалари билан танишиб, маъқулини танлайверасиз. Унда тайёр матнни сақлаб қўйиб, уни юз бор, минг бор қайта-қайта чоп этиш имкони бор. Бу ишларни қўлда бажариш анча вақт талаб этади. Иш унумдорлиги ҳам шунга яраша, албатта.
Қўлда ёзиш … ёдгорлик ёки танганинг иккинчи томони
Инкор этманг, қўлда ёзилган мактуб инсонга компютер “маҳсулоти”дан кўра илиқроқ туюлади. Ҳар қалай ёзув тахминан 5000 йиллик ёдгорлик. У инсониятнинг энг қимматли билимларини макондан маконга, даврдан даврга олиб ўтишга хизмат қилган.
Олимлар замонавий одамларнинг борган сари ёзувдан узоқлашиб кетаётганини таъкидлашмоқда. Негаки, бу борада амалиёт кам. Деярли барча маълумотлар қўлимизга тайёр – ёзилган ҳолда келиб тушади. Психологларнинг айтишича, ёзмайдиган одамларда бармоқнинг нозик ҳаракатлари билан боғлиқ мия қисмлари ўзининг ҳаётий фаолиятини йўқота боради. ХИХ-ХХ асрда зиёли қатлам вакиллари ҳар куни ўртача 1 соат вақтни хатларга жавоб ёзишга ажратган, нималарнидир қоралаб қўйган. Ҳозир-чи?
Ҳозир агар ёзиш керак бўлса, компютерга югурамиз. Рус академиги, графика дизайни бўйича мутахассис Евгений Добровинскийнинг айтишича, компютерда бармоқлар қўлда ёзгандагидек нозик ҳаракат қилмайди, улар анча қўполлашади. Мувофиқ равишда дунёни қабул қилиш жараёни ҳам шунга мосланиб қолади. Тўғри, олимлар буни қатъий хулоса сифатида баён этишмайди. Аммо баъзи университетларда каллиграфия ўқитувчилари ўз ўқувчиларидан чиройли ёзувни эмас, ҳеч бўлмаганда бир ҳафтада икки соат қўлда ёзишни талаб қилишади. Бу бежиз эмасдир, ахир.
Яна бир масала…
Инсон мияси 80-90 фоиз маълумотларни айнан кўз орқали қабул қилади.
Жаҳон бўйича олинган статистик маълумотларга қараганда, сайёрамиздаги ҳар учинчи одам яхши кўра олмайди. Замонавий дунёда инсоннинг икки ҳамроҳи – компютер ва телевизор турли кўз касалликларини келтириб чиқараётганлиги сир эмас. Рақамларда келтирилишича, кўз касалликларининг энг кўп тарқалганлари бу узоқни кўрмаслик ва миопия. Сайёрамиз миқёсида олганда бу хасталиклар 30 фоиз одамда учрар экан. Уларнинг аксарияти ривожланган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади. Энг ёмони, ҳар йили мазкур касалликдан азият чекаётганлар сафи ёшлар, талабалар, мактаб ўқувчилари – компютернинг энг фаол фойдаланувчилари ҳисобига кенгайиб бормоқда.
Ёзиш осон, хато қилиш ҳам
ЎзДЖТУда дарс берувчи япониялик Ямамота Хитомининг айтишича, ҳозирги пайтда япон ёшлари техник воситалар орқали хабарлашишга, маълумот алмашишга шу қадар ўрганганки, ҳатто иероглифларни ўқий олади-ю, аммо ёзолмайдиган бўлиб қолган. Биласизки, иероглифларда ҳар бир кичик белги ҳам катта маъно ташийди. Шу сабабли уларни мукаммал ўзлаштирмаган киши хатога йўл қўйиши аниқ. Анъаналар, маданиятлар йўқолиб кетаётган бугунги шароитда ёза олмайдиган авлоднинг пайдо бўлиши жиддий муаммо саналади.
Жамиятимиздаги ижодкор ва мутахассисларнинг ҳам катта қисми компютерда ишлайди. Уларнинг аксарияти экрандаги бир текис матн кўзни алдаши ҳақида айтади. Дона-дона терилган ҳарфларда қусур кўринмайди. Оқибатда эса жиддий хатоларга йўл қўйилади. Шу сабабли раҳбарлар гарчанд қўлларида ёзмасалар-да, матннинг қоғозга чиқарилган нусхасини, албатта, ўқийдилар.
Ҳарфларни ёзиб, ҳис этинг
Чиройли ёзиш қадимдан алоҳида санъат ҳисобланиб келган. Бу санъат тури каллиграфия, Шарқда хаттотлик, деб аталган. Уни эгалламоқчи бўлганлар биргина нуқта қўйишни ойлаб ўзлаштиришларига тўғри келган. Шундан сўнггина ҳарфларнинг бошқа белгиларига ўтилган. Ушбу машаққатли меҳнат таъсири Иоганн Гуттенберг қирқиб олган ҳарфларда ҳам кўринади. – Биз компютерда фойдаланадиган шрифтлар терилган шрифтлардир – улар қўлёзма ҳарфлардан келиб чиқади, – дея юқоридаги фикрини давом эттиради графика дизайни мутахассиси. – Ёзма ҳарфлар изи барча замонавий шрифтларда мавжуд. Аммо уларни кўриш орқали қабул қилиш бошқа нарса, қўл орқали ҳис қилиш эса мутлақо бошқа. Қўлда ёзгандан сўнггина дизайнерлар компютердаги шрифтлар тузилмасини яхшироқ тушуна бошлайдилар, уларни юқори малака билан танлашнинг уддасидан чиқишади.
Қўлда ёзиш йўқолмайди
Хориж компаниялари мутахассислардан компютер ишини мукаммал билишни талаб этади. Шундай бўлса-да, уларнинг аксарияти янги ходимни қабул қилишда мавжуд ҳужжатларни қўлда тўлдириб беришни сўрашади. Бу бежиз эмас. Тўлдирилган ҳужжатлар графолог мутахассисларга ўрганиш учун берилади ва улар ходимни ишга қабул қилиш ёки қилмаслик ҳақида ўз хулосаларини берадилар.
Эътибор берган бўлсангиз, ўқитувчи ўқувчиларнинг ёзувига қараб вазифа беради. Чиройли ёзувчи ўқувчиларга одатда масъулиятлироқ ишлар юкланади. 268-мактаб директорининг ўқув-услубий ишлар бўйича муовини, она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Сора Валибоеванинг айтишича, ёзуви бир текис бўлмаган болаларнинг хулқи ёмон, салбий хислатлари кўп деб бўлмайди, аммо чиройли ёзадиган ўқувчиларда дид, зийраклик, эътиборлилик, нафислик бошқаларга нисбатан юқорироқ даражада бўлади. Бу ҳолат ҳатто ўқитувчилар орасида ҳам кузатилади. Дастхати равон ўқитувчиларнинг ишда фаоллигини, дунёқараши кенглигини, ташқи қиёфасида ҳам орасталикни пайқаш мумкин. Эҳтимол, бу тасодифдир. «Қанчадан-қанча дафтарлар, шу аснода ёзувлар кўзимдан ўтган. Ҳозир бир қарашда, гарчи мутахассис бўлмасам-да, ёзув эгаси кимлигини айтиб бера оламан. Масалан, шахсан ўзимнинг ёзувим болалар ёзувига бироз ўхшашиб кетади. Айтишларича, характеримда ҳам бола табиатлилик белгилари бор экан», – дейди қарийб 25 йиллик тажрибага эга педагог.
Демак, ёзув инсон ички оламининг, табиати ва характерининг маълум бир ифодаси сифатида қабул қилинади. Тўғри, энди қўлда ёзиб “улгуролмаймиз”. Тараққиёт сабаб вужудга келган фаолият турлари, айрим жараёнларнинг жадаллашгани клавиатурадаги бармоқ ўйинини тезлаштиришга мажбур қилади. Лекин одамлар техниканинг ривожланганлиги, нашрларнинг турли шаклда тақдим этилаётганига қарамай, барибир, китоб ўқишнинг ўз завқи борлигини айтишади. Ёзув ҳам худди шундай. У инсониятга минг йиллар мобайнида ҳамроҳлик қилди. Ва яна минглаб йиллар давомида унга елкадош бўлади.
Наргиза Тўхлиева
“Маърифат” газетасидан олинди.